Нукусда Ўзбекистон кубоги ўтказилди

Нукус шаҳрида гандбол бўйича Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди. Кубок мусобақасига юртимизнинг барча ҳудудларидан энг кучли жамоалар ташриф буюриб, ғолиблик учун ўзаро беллашди.
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якунида, эркаклар ўртасида республикамиз жамоаси барча рақибларини енгиб чиқиб, Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.
Фахрли иккинчи ва учинчи ўринларни Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоалари эгаллади.
Қизлар ўртасида ўтказилган ўйинлар ҳам жуда қизиқарли ўтди. Унда қўшни хоразмлик қизлар биринчи, Тошкент вилояти жамоаси иккинчи ва республикамиз жамоаси учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Ғолиб жамоаларни тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибаев, фахрий спортчилар ва мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этиб, ғолибларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, медаль, кубок ва эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги