Қорақалпоғистонга 54 замонавий электробус олиб келинади

Хабарингиз бор, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида делегациямиз жамоат транспортларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик Sichuan Zhongzhi Shenghe Performance Cо., Ltd. компаниясига ташриф буюриб, компания раҳбарлари билан Қорақалпоғистон Республикаси учун Хитойдан 54 та электробус ва улар учун зарядлаш ускуналарини етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув давомида жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш, экологик тоза транспорт воситаларини жорий этиш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Ўтказилган учрашувда томонлар ўртасида умумий қиймати 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани амалга ошириш, шу жумладан, 54 та электробус ва зарядлаш ускуналарини 2026 йил 1 августга қадар Қорақалпоғистон Республикасига етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги