Тарихий мерос объектларига саёҳат уюштирилди

163

Бугунги кунда ички туризмни ривожлантириш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Айниқса, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб этиш, ёш авлодни аждодлар хотирасини эъзозлаш ва уларнинг дунёқарашини бойитишда бундай маънавий-маърифий ташаббусларнинг ўрни беқиёс.

Шундай эзгу мақсадлардан келиб чиқиб, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ходимлари ва фаол талаба-ёшлардан ташкил топган «Қаракенгше онлайн» жамоаси иштирокида мазмунли саёҳат ташкил этилди.

Саёҳатнинг дастлабки манзили қадимий ва сирли тарихни ўзида мужассам этган Чилпиқ қўрғони бўлди. Асрлар давомида ўзини сақлаб келаётган ушбу тарихий маскан ёшларни аждодлар жасорати, бой маданий мероси ва буюк цивилизацияси ҳақида чуқур мушоҳада юритишга ундайди. Шаҳар устидаги самимий суҳбатлар, тарихий маълумотлар ва таассуротлар ёшларда миллий ўзликни англаш туйғусини янада кучайтирди.

Шундан сўнг сайёҳлар шарқ меъморчилигининг ноёб дурдоналари, очиқ осмон остидаги музей шаҳар сифатида дунёга машҳур Хива шаҳрига йўл олди. Қадимий ва навқирон бу тарихий шаҳар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Хиванинг қадимий кўчалари, салобатли миноралари, асрлар нафаси уфуриб турган тарихий обидалари ёшларни ўтмиш билан юзма-юз учраштиргандек бўлди.

– Бундай ташаббуслар нафақат ички туризмни ривожлантиришда, балки ёшларни миллий қадриятларга содиқ, кенг дунёқарашли ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мазкур саёҳат ички туризмни ривожлантириш, ёшлар ўртасида миллий контентни кенгайтириш ва юртимизнинг бой тарихий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди, – дейди филиал Ахборот хизмати раҳбари З.Хожамуратова. – Ушбу маънавий-маърифий ташриф ёшларнинг тарихга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш ҳамда Янги Ўзбекистон шароитида ички туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган амалий ишларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги