Қаҳрамонларимиз жасорати ва фидойилиги ёдга олинди

175

Мамлакатимизда миллий қаҳрамонларимизнинг жасорати ва фидойилигини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Айниқса, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг аҳамиятини чуқур англаш, уруш йилларида халқимиз кўрсатган мардлик ва жасоратни хотирлаш ва кенг тарғиб этиш бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 апрелдаги «9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, республикамиз бўйлаб қатор маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ташкил этилди. Унда «Қорақалпоқ халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси» мавзусида илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, «Миллий тикланиш» партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад – уруш йилларида қорақалпоқ халқининг фронтда мардлик кўрсатган қаҳрамонлари, фронт ортида кўрсатган мислсиз жасорати, меҳнаткашлиги ва фидойилигини илмий асосда ўрганиш, бу борадаги тарихий ҳақиқатларни ёшлар онгига етказиш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати О.Ниязова,  Афғон уруши қатнашчиси М.Жалелов, тарихчи олимлар ва тадқиқотчилар томонидан қорақалпоқ халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги иштироки, юртдошларимизнинг фронтдаги қаҳрамонлиги, фронт ортидаги машаққатли меҳнати, шунингдек, уруш йилларидаги оғир синовлар ва уларни енгиб ўтишда намоён бўлган юксак инсоний фазилатлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт айнан ана шундай мард ва фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги эвазига барпо этилган. Шунинг учун ҳам уларнинг хотирасини улуғлаш, тарихий ҳақиқатларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Иштирокчилар томонидан маърузалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда бундай тадбирларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги