Натижалар, фаоллик ва янги босқичга ташланган қадам

161

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг 2025 йил якунлари ва 2026 йилнинг биринчи чорагига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Қайипбергенов бошқариб борди ва партия томонидан қилинган ишлар, эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маъруза қилди.

Маърузачи томонидан таъкидланганидек, ҳисобот даврида партия фаолиятида сезиларли фаоллик ва ўсиш кўзга ташланди. Хусусан, 2025 йил давомида 36 та янги бошланғич партия ташкилоти ташкил этилиб, 13 553 нафар фуқаро партия сафига қабул қилинди. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса яна 2 та янги бошланғич партия ташкилоти тузилиб, 1 314 нафар янги аъзо партия сафига қўшилди. Бу рақамлар ҳудудларда партияга бўлган ишонч ортиб бораётганини яққол кўрсатади.

Мажлис давомида таъкидланганидек, партия фаолияти нафақат рақамлар, балки амалий ташаббуслар билан ҳам ўлчанади.

– Биз учун энг муҳим кўрсаткич бу рақамлар эмас, балки одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлардир. Ҳар бир ташаббусимиз бевосита аҳолининг муаммоларини ҳал этишга хизмат қилиши керак, – деди Нурлибай Қайипберганов ўз сўзида.

– Партия томонидан амалга оширилган лойиҳалар жамият ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олди, – Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати котиби Абдирахман Қойлибаев. – Жумладан, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, таълим сифатини яхшилаш ва коррупцияга қарши курашиш йўналишларида олиб борилган ишлар натижасида ўтган йили 1726 та тадбир ўтказилиб, унда 38177 нафар иштирокчи қатнашди. Ижтимоий йўналтирилган ташаббуслар доирасида «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида ташкил этилган донорлик акциялари кенг жамоатчиликни бирлаштирди. Икки марта ўтказилган бу акция бу акцияларда 574 донор иштирок этиб, натижада 258,4 литр донор қони йиғилди. Шунингдек, партия фаолиятининг очиқлиги ва жамоатчилик билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратилди. Амалга оширилган ишлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиб, аҳолининг хабардорлиги оширилди. 2026 йилнинг биринчи чорагида ҳам бу ишлар изчил давом эттирилиб, 342 та тадбир орқали 6 372 нафар фуқаро қамраб олинди.

Депутатлик фаолияти доирасида ҳудудий Кенгашларда долзарб масалалар кўтарилиб, уларнинг ечимига қаратилган ташаббуслар илгари сурилди.

Йиғилиш якунида энг фаол туманлар ва ташаббускор раҳбарлар муносиб тақдирланди.

– Бугунги йиғилишда партия Сиёсий Кенгашининг «Адолат» кўкрак нишони билан тақдирландим, – дейди Хўжайли тумани Кенгаши раиси Базарбай Утамбетов. – Келгусида ҳам ўзимга билдирилган ишончни оқлаш мақсадида фидокорона хизмат қилавераман.

Шу билан бирга, Амударё, Мўйноқ ва Қораўзак туман Кенгашлари 2025 йил якунлари бўйича энг намунали туман Кенгашлари сифатида эътироф этилиб, партия Сиёсий Кенгашининг Фахрий ёрлиғи ва компьютер тўпламлари билан тақдирланди.

Албатта, ҳисобот йиғилишининг якунлари Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Қорақалпоғистонда жамият ҳаётида сиёсий куч сифатида фаол иштирок этишига ва ўз ўрнини мустаҳкамлашига замин яратади, деб ишонамиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси