Чехия Бош вазири Андрей Бабиш расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди

Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш 29 апрель куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Олий мартабали меҳмонни “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, кўп қиррали Ўзбекистон – Чехия ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади.
Ўзаро савдони кўпайтириш, машинасозлик, “яшил” энергетика, кимё, фармацевтика ва транспорт соҳаларида кооперацияни кенгайтириш диққат марказида бўлади.
Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилади. Икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ташриф доирасида Бош вазир Андрей Бабиш Ўзбекистон – Чехия бизнес- форумида ҳам иштирок этади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА