Миздакхонга олимлар ва сайёҳларнинг қизиқиши яна да ортмоқда

236

Ўзининг такрорланмас тарихий обидалари билан халқаро экспертлар, сайёҳлар, олимлар эътиборини ўзига тортиб келаётган Хўжайли туманидаги Миздакхон тарихий мажмуаси 24 апрель куни яна кенг жамоатчилик эътиборида бўлди.

Ушбу тарихий масканларга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида олиб борилаётган ишлар доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси ва Хўжайли тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида «Миздақхон муқаддас ва сирли маскан» мавзусида халқаро фестиваль ўтказилди.

Фестиваль доирасида «Маданий хабардорликни ошириш ва экологик барқарор туризмни ривожлантириш» мавзусидаги учинчи халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари А.Хамзаев, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари, Хитой, Малайзия, Индонезия давлатларидан келган экспертлар ва талаба ёшлар иштирок этди. Конференцияда онлайн тарзда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов конференция ишига муваффақиятлар тилади.

Илмий конференцияда сўзга чиққанлар Қорақалпоғистонда тарихий жойларнинг кўплиги, унга дунё жамоатчилигининг эътибори ортиб бораётганлиги, айниқса, туман ҳудудида жойлашган «Миздакхон» маданий мерос мажмуаси ўзига хос кўринишга эга тарихий ёдгорлик эканлигини таъкидлади. Хориждан келган иқтисодчи, эколог, археолог ва туризм бўйича мутахассислар ўз маърузаларида Қорақалпоғистонда туризм ва экологияни янада яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдирди. Конференция давомида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Хўжайли тумани ҳокими Женис Ермашев Олий таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришда ва туризм соҳасида кадрлар салоҳиятини оширишда қўшган ҳиссаси учун «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Конференция иштирокчилари туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган миллий кўргазмалар билан танишди. Сўнг туманида жойлашган очиқ осмон остидаги икки минг беш юз йиллик тарихга эга Миздақхон мажмуасидаги тарихи. миль. авв III асрдан бошланган Говур қалъа, ХИИ-XIII асрларда қурилган «Мазлумхон сулув,» «Eрежеп Халифа», «Шомун Набий,» «Жўмарт қассоб» «Қирқ чўпон» ёдгорликларини томоша қилиб, ўзларига яхши таассурот олди. Шундан сўнг, туман ҳудудида жойлашган «Пирим эшон бобо» жоме масжидида бўлиб, Ҳазрати Асқар Эшонбобо мақбарасини зиёрат қилди.

Фестиваль доирасида Ёшлар марказида миллий ҳунармандчиликнинг гиламчилик санъати бўйича эълон қилинган танловнинг якуний босқичи ўтказилиб, унда ғолибларга пуллик ваучер ва қимматбаҳо совғалар топширилди ҳамда танловнинг барча иштирокчиларига Бухоро вилоятига гиламчилик санъати бўйича ташкил этилаётган махсус ўқув курсига бепул йўлланмалар берилди.

Тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ва туман ёшлари турли спорт мусобақаларида қатнашиб, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол ва «Заковат» интеллектуал ўйинлари билан ўз вақтларини жуда мазмунли ўтказдилар.

Шундан сўнг, «Dilishine» модель агентлигининг миллий либослар дефилеси кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда миллийлигимизни акс эттирувчи либослар замонавий тус берилган кўринишда барчага тақдим этилди. Фестиваль гала концерт билан давом этиб, унда қорақалпоқ эстрада юлдузлари ўзларининг жўшқин қўшиқлари билан халқимизга ўзгача байрам кайфиятини бағишлади.

Маълумот учун, «Миздакхон муқаддас ва сирли маскан» халқаро фестивали ва «Маданий хабардорликни ошириш ва экологик барқарор туризмни ривожлантириш» мавзусидаги биринчи халқаро илмий-амалий конференция 2024 йил 17-18 май кунлари ўтказилиб, унда АҚШ, Жанубий Корея, Ирландия, Туркия ва бошқа давлатлардан экспертлар, олимлар иштирок этган бўлса, иккинчи халқаро конференция 2025 йил 23-24 май кунлари оралиғида ташкил этилиб, унда Туркия, Ҳиндистон, АҚШ, Филиппин давлатларидан олимлар, экспертлар, тарихчилар иштирок этди. Фестивалда йилдан-йилга иштирокчи давлатлар сонининг ортиб бориши бу бизнинг тарихимиз бойлиги ва унга хорижлик олимлар қизиқишининг ортиб боришидан бир далолат десак бўлади.

Бу ердаги тарихий мақбараларни қайта тиклаш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол учун, 2024 йилда Америка Қўшма Штатлари элчихонаси Миздақхон мажмуасидаги XII асрга оид «Ережеп Халифа» мақбарасини қайта тиклаш учун 80 минг доллар ажратди.

Бу ишларнинг натижаларини, албатта, тарихий масканларга келаётган сайёҳлар оқимининг кўпайишида кўришимиз мумкин, чунки кейинги 2 йилда бу ерга келувчи сайёҳлар сони икки-уч баробар ошган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 14 августдаги «Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикасининг эски, тоғ ва дарё бўйи ҳудудларида янги туристик маршрутлар манзилли дастур асосида йўлга қўйилиши белгиланган. Манзилли дастур билан Хўжайли тумани ҳудудидаги «Миздакхон» археология-архитектура мажмуасида туристик мажмуаларни зарур инфратузилмалар билан таъминлаш учун 7,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, бу йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилиши кўзда тутилган.

                           Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги