Марказий Осиё давлатларининг экологик дипломатияси янги босқичга кўтарилмоқда

202

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этиш учун 21-22 апрель кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлди.

 Давлатимиз раҳбари Қозоғистонга амалий ташрифи дастури доирасида 22 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари, Мўғулистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Остона шаҳридаги “EXPO” халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилган Минтақавий экологик саммит кўргазмасидаги миллий павильонларни бориб кўрди.

МЭС – 2026 диққат марказида экологик сиёсатга комплекс ёндашувни акс эттирувчи саккизта устувор йўналиш турибди: иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, табиий хавф-хатарларга мослашиш ва иқтисодий барқарорликни ошириш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва чиқиндиларни самарали бошқариш, экологик мақсадларга эришиш механизмларини ривожлантириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, адолатли ва инклюзив “яшил” ўтиш, экологик ҳамда рақамли компетенцияларни ривожлантириш. Саммит кун тартиби барқарор ривожланишнинг экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини ҳам қамраб олган.

Тадбирда иштирок этаётган мамлакатларнинг миллий павильонларида уларнинг ушбу йўналишлардаги ютуқлари ва келгуси режалари намойиш этилмоқда.

Интерфаоллик ва мультимедиа элементларига эга кўргазма-тақдимот майдони шаклида барпо этилган Ўзбекистон павильони мамлакатимизнинг экология, иқлим ўзгариши ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши соҳаларидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини акс эттиради. Шунингдек, экспозиция Ўзбекистоннинг экология соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссасини намоён этади.

Олий мартабали меҳмонларга экологик тараққиётнинг замонавий моделини шакллантиришга қаратилган асосий ташаббусларни ўз ичига олган экспозиция тақдим этилди. “Чиқиндисиз ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Экомаданият”, “Биомерос” ва “Экологик таълим” каби умуммиллий лойиҳалар шулар жумласидан.

Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Минтақавий экологик саммитнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон Президенти Ваагн Хачатурян, Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадов ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевни саммитнинг муваффақиятли ташкил этилгани билан самимий табриклаб, унинг экологик хавф-хатарларнинг ўзаро боғлиқлиги ва уларни биргаликда ҳал қилиш зарурлигини ўзида мужассам этган “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” деган бош ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Президентимиз мазкур учрашув ўтган йили Самарқанд иқлим форумида бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми эканини таъкидлаб, Марказий Осиё давлатларининг экологик дипломатияси тизимли ва изчил тус олиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганидан мамнунлигини таъкидлади.

Ўзбекистон етакчиси қайд этганидек, бугунги кунда экологик муаммоларни глобал иқлим ўзгаришларидан айри ҳолда кўриб чиқиб бўлмайди.

– Глобал исиш суръатларининг тезлашиши давом этмоқда, Марказий Осиё минтақасида эса ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилмоқда, сув ресурслари танқислиги ортиб бормоқда. Ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учради, – деди давлатимиз раҳбари.

Глобал экологик бирдамлик заифлашаётганидан чуқур хавотир билдирилди. Ривожланаётган мамлакатлар иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиялаштириш, илғор технологиялар ва инновациялардан ўз вақтида ва адолатли фойдаланиш имконияти билан таъминланиши муҳимлиги таъкидланди.

Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши даражасига кўтаришга муваффақ бўлгани мамнуният билан қайд этилди.

Буни “яшил” кун тартибини илгари суриш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор муҳим, стратегик аҳамиятга эга минтақавий дастурларнинг қабул қилингани ҳам тасдиқламоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтди.

– “Яшил макон” лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилди. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги “яшил белбоғ”лар яратилмоқда. Бизнинг ташаббусимиз билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюцияси қабул қилинди, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Бундан ташқари, сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида йилига 10 миллиард куб метр сув иқтисод қилинмоқда. Мамлакатимизнинг генерация қувватларида “яшил” энергетика улуши аллақачон 30 фоизга етди, 2030 йилнинг охирига бориб эса 50 фоиздан ошади.

Париж битими бўйича зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш мажбурияти муддатидан олдин бажарилиб, 2035 йилгача уларни икки баробар қисқартириш бўйича янги марра белгиланди.

Чиқиндилардан энергия ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Жорий йилда чиқиндиларни ёқиш бўйича иккита янги завод ишга туширилади, яна 9 таси эса келгуси икки йил давомида фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишга туширилиши ҳар йили 5,5 миллион тонна чиқиндини утилизация қилиш, 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, чиқиндилар ҳажмини 1 миллион тоннадан ортиққа қисқартириш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиёдаги иқлим ва экология муаммоларини ҳал қилиш бўйича бир қатор аниқ ташаббусларни илгари сурди.

Атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлашаётган шароитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этиш таклифи билдирилди. Консорциум саноатни модернизация қилиб, ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар учун тозалаш тизимларини жорий этадиган “яшил” молиялаштиришнинг қўшма операторига айланиши мумкин.

Президентимиз Тошкентдаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш муҳимлигини таъкидлади. Марказ базасида илмий салоҳиятни бирлаштириш ерларнинг деградацияси ҳамда туз ва чангли бўронларни мониторинг қилиш бўйича кучли тизимни яратиш имконини бериши таъкидланди.

Технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун имтиёзли божхона тартиблари ва экомаҳсулотлар учун сертификатларни ўзаро тан олишни назарда тутувчи “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди.

Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш долзарб масала эканлиги қайд этилди. Бу минтақани ривожлантириш бўйича яхлит стратегия билан ҳаракат қилиш имконини яратиб, шерикларда уни амалга оширишга бўлган қизиқишни кучайтиради.

Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласи яратилиши минтақадаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини яққол ифода этадиган фундаментал илмий-таҳлилий базага айланиши мумкин.

Биологик хилма-хилликни сақлаш учун “Марказий Осиё Қизил китоби”ни ишлаб чиқиш, бу жараёнда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Тошкентдаги минтақавий офисини мувофиқлаштирувчи сифатида белгилаш таклиф қилинди.

Ёшлар орасида иқлим кун тартиби ва экологик маданиятни илгари суриш учун 2027 йилда Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказишга тайёрлик билдирилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида тадбир иштирокчиларини шу йил Самарқандда бўлиб ўтадиган Глобал экологик фонднинг саккизинчи ассамблеяси ва Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумида иштирок этишга таклиф этди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида ўтаётган Минтақавий экологик саммит доирасида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ижрочи директори Ингер Андерсен билан мулоқот қилди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ва иқлим муаммоларига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Ўзаро ҳамкорлик, шу жумладан, миллий экологик маърузаларни тайёрлаш, атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш масалаларида изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Ижрочи директор Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Яшил макон”, “Биомерос”, “Тоза ҳаво,” “Чиқиндисиз ҳудуд” ва “Эко маданият” каби миллий лойиҳаларни юқори баҳолади. Уларнинг экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишдаги аҳамияти қайд этилди.

Ингер Андерсен, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг бугунги саммитда илгари сурилган ташаббусларини рўёбга чиқариш бўйича амалий шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва ОҚХЖнинг Ижроия қўмитаси раиси Асхат Оразбай ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, Қозоғистоннинг 2023-2026 йилларда ОҚХЖга раислигининг натижалари сарҳисоб қилиниб, Орол денгизи ҳавзасида экология, сув ресурсларини бошқариш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ноёб минтақавий тузилма сифатида фаолият юритиб келаётганини, Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига сабаб бўлаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган шароитда унинг роли ва аҳамияти янада ортаётганини таъкидлади.

– Экспертларнинг баҳоларига кўра, 2040 йилга бориб, Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари тақчиллиги деярли икки баробар – йилига 20 миллиард куб метргача ошиши мумкин. Бу ичимлик суви таъминоти, экология, аграр сектор, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун қўшимча хавфхатарларни юзага келтиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундай бир пайтда минтақа мамлакатлари сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги бўйича энг қуйи ўринларни эгаллаб турибди. Қишлоқ хўжалигида бир доллар миқдоридаги қўшилган қийматни яратиш учун мамлакатларимиз деярли уч куб метр сув сарф этмоқда, дунёда эса бу кўрсаткич ўртача икки баробар кам.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтди. Қисқа муддатда Ўзбекистондаги барча суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди, ирригация тармоқларини бетонлаш 40 фоизга етказилди. Насос станцияларини модернизация қилиш ҳисобига сув хўжалигида энергия истеъмоли қарийб 30 фоизга қисқартирилди.

Олти юз мингдан ортиқ сувдан фойдаланувчилар ва 4 миллион гектардан зиёд суғориладиган ерларни қамраб оладиган ягона рақамли маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши туфайли ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув ресурсларини тежаш таъминланмоқда. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 15 миллиард куб метрни ташкил этади.

Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси комплекс ва изчил характерга эга бўлиб, ўтган йили қабул қилинган Сув кодексида ўз ифодасини топган.

Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон жамғармани минтақавий интеграциянинг муҳим драйверларидан бирига айлантиришга эришишни мақсад қилганини билдирди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг келгуси йилдан бошланадиган ОҚХЖга раислиги давридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

Аввало, жамғарманинг фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш, унинг  тузилмаси ҳамда шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Жамғарма органларининг ваколатларини кенгайтириш, уларнинг мақоми ва масъулиятини ошириш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.

Қирғизистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятидаги тўлақонли иштироки қайта тикланишига умид билдирилди. Бу жамғарманинг янада мутаносиб ва узоқ муддатли қарорлар қабул қилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси ОҚХЖ кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштиришга чақирди. Маслаҳат учрашувлари давомида олий даражада келишилган барқарор ривожланишнинг устувор йўналишлари жамғарманинг тармоқ механизмлари орқали ҳам амалиётга татбиқ этилиши мумкинлиги таъкидланди.

Жамғарма дастур ва лойиҳалари самарадорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Орол денгизи ҳавзаси бўйича тўртинчи дастур ижроси мониторингига самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини киритиш таклиф қилинди. Бу ижобий ўзгаришларни кузатиш, муаммоли жиҳатларни аниқлаш ҳамда халқаро ҳамкорлардан қўшимча маблағлар ва техник кўмак жалб этишга ёрдам беради.

Устувор дастурлар учун мавжуд таъсирчан молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондининг мандати ва географик қамровини бутун Орол денгизи ҳавзасига кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.

– Бу барча давлатларимиз ҳудудида ҳаётий муҳим экологик ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун мақсадли инвестицияларни йўналтириш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

ОҚХЖ ва бошқа минтақавий тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласининг долзарблигига урғу берилди. Жамғарма сув-энергетика масалалари, музликлар ва тоғ экотизимларини сақлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чўлланишга қарши курашиш бўйича самарали минтақавий платформалар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур. Бунга мисол сифатида жамғармага Тошкентдаги Яшил университет қошидаги Чўлланишга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.

Ўзбекистон Президенти халқларимизнинг сувга ҳаёт манбаи сифатида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш борасидаги кўп асрлик анъаналарини қайта тиклаш заруратига алоҳида эътибор қаратди.

– Кўриниб турибдики, агар жамиятнинг сувга бўлган муносабати ўзгармаса, ҳеч қандай муҳандислик ечимлари кутилган самарани бермайди. Узлуксиз таълим тизими орқали – мактабгача таълим даражасидан то мутахассисларни тайёрлашгача – сувдан оқилона фойдаланишни ҳар бир кишининг кундалик одатига, умумий маданий кодимизга айлантиришга интилишимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, асосий қисми фермерлар ва саноатчиларни сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатадиган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга тушириш таклиф этилди.

Ўзбекистон етакчиси Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни иқлим, экология, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликка жалб этиш муҳимлигини таъкидлади. Бугунги кунда Афғонистонда қирғоқларни мустаҳкамлаш ва мелиорация ишларини олиб бориш учун халқаро донорларнинг молиявий маблағларини жалб этиш долзарбдир.

Истиқболда Орол ҳавзасидаги барча мамлакатлар, шу жумладан, Афғонистоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий шартномавий-ҳуқуқий базани шакллантириш зарур.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ва минтақа мамлакатларида Сув ҳафталикларини мунтазам ўтказиб боришга қаратилган ташаббуслар амалга оширилишининг қўллаб-қувватланишига умид билдирди.

Ўзбекистон Президенти қўшни мамлакатлар етакчиларини шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумида иштирок этишга яна бир бор таклиф этди.

ОҚХЖ йиғилишида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳам сўзга чиқдилар.

Тадбир якунида етакчилар Остона баёнотини, Қозоғистон раислигининг бориши тўғрисида, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ҳамда Сирдарё куни деб эълон қилиш тўғрисида ҳамда Ўзбекистон етакчисини 2027-2029 йилларда жамғарма президенти этиб сайлаш тўғрисидаги қарорларни имзоладилар.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга амалий ташрифи якунланди.

ЎзА