Маданият ва санъат ходимларига муносиб совға

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги кўп йиллардан буён ўз биносига эга бўлмай, турли вазирликларнинг биносида фаолият юритиб келаётган эди.
Президентимизнинг маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга оид чиқарган махсус Фармон ва қарорлари, республика ҳукуматининг оталарча ғамхўрлиги натижасида вазирлик ўз биносига эга бўлди.
Бугун 15 апрель – «Маданият ва санъат соҳаси ходимлари куни» муносабати билан Нукус шаҳрида ушбу янги бинонинг очилишига бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги бино фойдаланишга топширилиши муносабати билан табриклади.
Республикамиз раҳбари сўнгги йилларда юртимиздаги халқ хўжалигининг барча соҳалари қатори маданият ва санъат соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилганини, ўтган қисқа вақт ичида давлатимиз Президенти томонидан соҳага оид қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, соҳани янада ривожлантириш, маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ана шундай эзгу тадбирлар қаторида барча қулайликларга эга янги бинонинг фойдаланишга топширилиши бугунги Маданият ва санъат соҳаси ходимлари куни байрамида соҳа ходимларига катта совға бўлди.
Ўтказилган тадбирда соҳа фахрийларидан Ўзбекистон халқ артисти, Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган артист, Бердақ номидаги давлат мукофоти лауреати, «Меҳнат шуҳрати» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳиби Нажиматдин Ансатбаев, Қорақалпоғистон халқ артисти Бийбираба Отепбергеновалар сўзга чиқиб, маданият соҳасига қаратилаётган бундай юксак эътибор ва қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз Президенти ва республикамиз раҳбариятига ўзларининг миннатдорликларини билдирди.
Шундан сўнг бино олдига тортилган анъанавий тасма кесилиб, тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган қулай шароитлар билан яқиндан танишди.
Албатта, бу бино халқимиз фаровонлиги йўлида, маданият ва санъат соҳаси ходимларига узоқ йиллар давомида хизмат қилади деб ўйлаймиз.
Шундан сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Маданият ва санъат соҳаси ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам кечаси бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам муносабати билан табриклади.
Ҳар қандай халқнинг маданияти ва санъатига бўлган ҳурмат – бу ўша халқнинг тарихи, миллийлиги, урф-одат ва анъаналарига бўлган ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бугунги байрам илдизи чуқур тарихга эга кўп миллатли халқимизнинг, бутун юртимизнинг байрами, десак адашмаган бўламиз. Айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, соҳа ходимларига қулай шарт-шароитлар яратишга ва уларнинг хизматларини муносиб баҳолашга, аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қатор қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилингани бу борадаги чора-тадбирлар кўламини янги босқичларга кўтармоқда.
Ўтказилган тантанали тадбир давомида ана шундай эзгу ишлар ҳақида кенг тарзда таъкидланди.
Байрам тадбири концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги