Ҳоким ёрдамчилари тажриба алмашмоқда

99

Маҳалла ҳаётида ҳоким ёрдамчиларининг бажарадиган хизмати алоҳида. Қорақалпоғистон Республикасидаги фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг Андижон вилоятида бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик. Айни пайтда улар Наманган вилоятида бўлиб, у ердаги маҳаллалар ҳаёти билан танишмоқда.

Ҳоким ёрдамчилари иштирокидаги амалий семинар «Асаларичилар» маҳалласидан бошланди.

Вилоятнинг Давлатобод туманидаги «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жами 631 та хонадон бўлиб, шундан 180 та оила асаларичилик билан шуғулланади. Ўтган йили маҳаллада 200 тонна асал етиштирилган бўлса, жорий мавсумда бу кўрсаткични 250 тоннага етказиш режалаштирилган.

Бу борада маҳаллада 635 нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган.

Бугунги кунда Наманган вилоятида бўлиб турган Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллаларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари ушбу маҳаллада бўлиб, ўзаро тажриба алмашди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳамкорлик орқали ҳудудларда янги иқтисодий драйверларни шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишдан иборат.

Вилоятдаги «Пастки жўжа» МФЙ аҳолиси деҳқончилик тажрибасини пухта эгаллаган бўлиб, маҳаллада яшовчи Дилором ўзининг 2 сотих томорқасида гидропоника усулида қулупнай етиштирмоқда. У семинар иштирокчиларига ўз тажрибаси ҳақида сўзлаб бериб, бугунги кунда Қорақалпоғистонга ҳам қулупнай кўчатларини етказиб бераётганлигини таъкидлаган.

Дилором қисқа вақт ичида натижага эришиб, атиги 5 ой ичида 50 миллион сўмлик маҳсулот сотишга эришган.

Семинар иштирокчилари ҳудуд иқлимига мос шароитлар ва ресурсларнинг етарлилиги ҳамда томорқалардан унумли фойдаланиш юқори ҳосилдорликка эришиш имконини бераётганига гувоҳ бўлди.

Маҳаллада айни пайтда «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида 200 гектар ер ажратилган бўлиб, унда асосан картошка ва қулупнай етиштириш йўналишлари ривожлантирилиб, ҳудуд иқтисодиётининг муҳим драйверига айланмоқда.

Бундай тажриба алмашинувлар ҳоким ёрдамчилари учун республикамиздаги маҳаллаларда янгиликларнинг жорий этилиши ва аҳоли турмуш шароитининг яхшиланишига асос бўлиши аниқ.

                                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги