ҚДУ делегацияси «Ўзбекистон ва Польша III Ректорлар форуми»да иштирок этмоқда

Айни пайтда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистонда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатларидан етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илғор технология компаниялари иштирокида «Тиббиёт ва технологиялар конгресси» ҳамда «Ўзбекистон ва Польша III – Ректорлар форуми» йирик халқаро тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбирлар илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни йўлга қўйиш учун муҳим майдон вазифасини бажармоқда.
Мазкур форумда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердиёр Жоллибеков бошчилигидаги университет делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Форум доирасида университет ректори хорижий олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва технологик компаниялар билан учрашувлар ўтказиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш, академик алмашинувни ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий технологияларни таълим жараёнига жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Музокаралар натижасида қатор истиқболли келишувлар ва ҳамкорлик шартномалари тузилмоқда. Ушбу келишувлар университетнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги