Саноат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди

Тадбиркорликка кўмаклашиш бугунги кунда иқтисодиётимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшиш билан бирга, янги иш ўринлари яратишда ҳам муҳим ҳисобланади. Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашда эса, бевосита яқиндан мулоқот орқали муаммоларига ечим топиш бугунги кун талаби эканини алоҳида таъкидлашимиз керак.
Ушбу йўналишдаги амалий ишларнинг давоми сифатида Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Оринбаевнинг раҳбарлигида саноат соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда ҳурматли Президентимиз томонидан саноатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги Қорақалпоғистон учун алоҳида берилган имтиёзлар кенг тарзда таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, берилган шунча имкониятлардан самарали фойдаланиб, юртимизнинг саноат салоҳиятини ошириш, соҳада янги корхоналарни ишга тушириш, импорт орқали олиб келинаётган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш, маҳаллий корхоналарнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, мутасадди идора раҳбарлари томонидан солиқ, божхона ва бошқа йўналишлар бўйича берилган имтиёзлар пакети кенг тақдимот қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги