Сайловни ўтказишга оид норма ва қоидалар тақдим этилди

Жорий йилнинг 12 апрель куни Хўжайли туманида 37-сонли «Хўжайли» сайлов округига бўшаб қолган ўринга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати сайлови ўтказилиши белгиланган. Шу муносабат билан тегишли участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Ўқув-семинар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 27 май куни қабул қилинган «Сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини оширишни ташкил этиш тўғрисида»ги 1331-сонли қарорига асосланган бўлиб, семинар давомида комиссия аъзоларига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича тартиб-қоидалар тўғрисида кенг тушунчалар берилди.

Хусусан, Хўжайли тумани ҳокимининг ўринбосари Х.Холмуратов, ҳокимликнинг ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Д.Таджимуратов, Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари А.Жуманов ва Е.Алламбергеновлар Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов кодекси»га мувофиқ, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид норма, қоидалар билан комиссия аъзоларини таништирди.

Шунингдек, семинарда сўзга чиққанлар муҳим сиёсий тадбирни сайлов қонунчилиги талаблари асосида юқори савияда ўтказиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.