Конституция – эркин, фаровон ҳаёт ва тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, идоралар, корхоналар, ўқув юртлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан қизғин табриклади.
Тадбирда таъкидланганидек, бу йил Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 33 йил тўлди. Конституциямиз – бу кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва дўстлигини мустаҳкамловчи, уларни буюк бунёдкорлик ишларига бошлаб берувчи асосий ҳужжатдир. Инсон манфаати ҳамма нарсадан устунлигини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувликни, фуқароларнинг тинчлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш Конституциямизда белгилаб қўйилган бўлиб, шу асосдаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимиз тараққиёт босқичларига назар ташлар эканмиз, иқтисодиётимизнинг йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётгани, аҳолининг ижтимоий турмуш шароити яхшиланаётгани Конституциямизга асос қилиб олинган, чуқур ва пухта ўйланган эзгу мақсадлар натижасидир.
Шу ўринда шуни ҳам таъкидлашимиз керакки, юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича алоҳида қабул қилинган қарорлар, давлат дастурлари ҳаётимизда катта ўрин эгаллаб келмоқда. Бугунги кунда республикамизда мазкур қабул қилинган қарор ва фармонлар, давлат дастурлари асосида улкан қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, салмоқли бунёдкорлик ташаббуслари амалга оширилмоқда.
Ўтган давр ичида республикамизнинг барча соҳаларида ўзгаришлар юз бериб, улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Албатта, бу амалга оширилган тадбирларнинг ҳуқуқий асоси Конституция ҳисобланади.

Байрам тадбири санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги