Грецияда 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланиши мумкин

46

Греция бош вазири Кириакос Мицотакис 2027 йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш режасини эълон қилди. Унинг айтишича, бу қарор болалар орасидаги хавотир, уйқу муаммолари ва платформаларнинг “қарамликка олиб келувчи дизайни” билан боғлиқ. Ҳукумат бу орқали ёшларнинг руҳий саломатлигини ҳимоя қилишни мақсад қилмоқда. Сўровномалар ҳам аҳолининг катта қисми бу ташаббусни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатган.

Таъкидланишича, бу чоралар аввалги чекловларнинг давоми ҳисобланади. Илгари мактабларда телефонлар тақиқланган ва ота-оналар учун назорат платформалари жорий этилган эди. Энди эса давлат болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тўлиқ чекламоқчи. Қонун 2026 йил ўрталарида қабул қилиниши кутилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, буни амалга ошириш осон эмас. Греция ҳозирча платформаларни фойдаланувчилар ёшини текширишга мажбур қила олмайди. Шунинг учун ҳукумат Европа Иттифоқидан умумий қоидалар жорий этишни сўрамоқда. Агар талаблар бажарилмаса, платформаларга катта жарималар қўлланилиши мумкин.

Бу масала фақат Грецияда эмас, бошқа давлатларда ҳам муҳокама қилинмоқда. Баъзи мамлакатлар аллақачон шунга ўхшаш чекловларни киритган ёки тайёрламоқда. Мицотакис Европа миқёсида ягона ёндашув зарурлигини таъкидлади, чунки ягона қоидаларсиз миллий чоралар самарасиз бўлиши мумкин.

Мусулмон Зиё, ЎзА