Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси тўғрисида ахборот

78

Жорий йилнинг 6 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев бошқариб борди.

Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига тўхталиб ўтди.

Сессиянинг кун тартиби бўйича дастлаб Қорақалпоғистон Республикасида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг боришини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгес қўмита раиси Ш.Отемисов маъруза қилди ва амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берди. Кун тартибидаги масала депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов маъруза қилди. Бу масала ҳам депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикасининг Қонуни ва тегишли ҳукумат қарорлари талабларининг бажарилиши бўйича Транспорт вазирлигига юборилган Парламент сўрови натижаси ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири Б.Сейтмуратов сўзга чиқди. Кун тартибидаги ушбу масала ҳам кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Сессияда 2025 йилда жойлардаги норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг ахбороти ҳақидаги масала бўйича Адлия вазири Е.Турсунов маъруза қилди. Бу масала ҳам депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала яъни, жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларидан ноқонуний фойдаланиш ва ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар бўйича Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига юборилган Парламент сўрови натижаси ҳақида Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи И.Тлеуов маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасининг 2025 йил давомида амалга оширган ишлари ҳақида Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси Л.Сеитова маъруза қилди. Бу масала бўйича ҳам депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасининг 2025 йил давомида амалга оширган ишлари ҳақида Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошлиғи А.Исаков маъруза қилди. Масала тўлиқ кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.

Сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 1793 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.

Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳақида бўлиб, бу масала бўйича ҳам депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги