Нодавлат олий таълим муассасалари: рақобат ва сифат кафолати

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг замон талабига мос таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада, давлат таълим муассасалари билан бирга, нодавлат таълим муассасалари сонини ошириш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг натижасида, олийгоҳлар сони юртимизда 72 та бўлган бўлса, 2025 йилда 207 тага етди. Шундан 101 таси давлат, 74 таси нодавлат, 32 таси хорижий олий ўқув юртлари ёки уларнинг филиаллари ҳисобланади.
2022 йилда республикамиз пойтахтида очилган Инновацион технологиялар университети ҳам шундай нодавлат олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Бу ўқув юртида 10 та йўналиш бўйича саккиз мингдан зиёд талабалар таҳсил олмоқда. Бироқ, ушбу ўқув юрти бугунги кунга қадар барча қулайликларга эга замонавий комплекс бинога эга эмас, университет талабалари Нукус шаҳри ва Хўжайли туманларида жойлашган биноларда таълим олар эди.
Жорий йилда эса, ушбу камчиликни бартараф этиш мақсадида, университет раҳбарияти Нукус шаҳрида ушбу ўқув юртининг янги биносини қуришни режалаштирмоқда ва яқинда ўқув даргоҳининг пойдевори қўйилди.
Ушбу маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Отемуратовлар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, умумий қиймати 10 млн. долларлик ўқув мажмуасида 10 минг талаба таҳсил олиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 1000 ўринли талабалар ётоқхонаси, спорт зали ва махсус майдончалар, ўқув-лаборатория хоналари қурилади ҳамда талаба-ёшлар учун барча қулай шароитлар яратилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги