Тўловга қобилиятсизлик институти такомиллаштирилади

Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу тузилма соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, банкротлик омилларини таҳлил қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш, корхоналарни молиявий соғломлаштиришга кўмаклашиш билан шуғулланади.
Суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Суд бошқарувчилари палатасини тузиш таклиф этилди. Палата суд бошқарувчилари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини оширишни ташкил этади, улар томонидан қонунчилик ва касб этикасига риоя этилишини мониторинг қилади, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.
Молиявий аҳволи оғир бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги молиявий механизмлар киритилади. Жумладан, кичик ва ўрта тадбиркорлар учун Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси орқали кафиллик бериш, Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси орқали тижорат банкларида паст фоизли кредит линиялари очиш орқали корхоналарни молиявий тиклашга кўмаклашиш режалаштирилмоқда.
Бунда тижорат банклари ажратган кредитлар бўйича асосий қарз ва фоизлар санация якунлангунга қадар кечиктирилади, кредит санация якунланганидан сўнг 3 йил ичида қайтарилади, кредит қарздорлигини реструктуризация қилиш асослари яратилади.
Солиқ ва кредит қарздорлигини кечиктириб тўлаш ҳамда реструктуризация қилиш тартибларини соддалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари айрим солиқлар бўйича тўловларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериши, шунингдек, бундай механизмлар гаров, банк кафолати ёки суғурта полиси асосида солиқ органлари томонидан ҳам қўлланиши мумкин бўлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги