Жўқорғи Кенгес Раиси Амударё туманида ёшлар билан учрашди

Президентимизнинг шу йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган мулоқоти давомида илгари сурилган ташаббусга мувофиқ, вазирлик, идора ва ташкилотларда ҳар пайшанба куни «Ёшлар куни»ни ўтказиш анъана тусини олмоқда.
Мутасаддилар ёшлар билан учрашувларда уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга устувор аҳамият қаратмоқда.
Мана шу эзгу ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жоқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев Амударё туманидаги ишсиз ва ҳомийликка олинган ёшлар билан учрашув ўтказди.
Учрашув олдидан, ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Бундан ташқари, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шароитлар, берилган имкониятлар бўйича тақдимот йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир давомида бугун юртимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати доирасидаги ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатамизда яратилаётган имкониятлар, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, бундай имкониятлардан ўринли фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёшлар сони ортиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқотда ёшларнинг фикр ва мулоҳазалари ҳам тингланиб, уларни қизиқтираётган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди. Унда асосан, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва таълим соҳасига оид масалалар кўтарилди.

Ҳар бир кўтарилган масала Жўқорғи Кенгес Раисининг шахсий назоратига олиниб, соҳа мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги