Жўқорғи Кенгес Раиси Қорақалпоғистонда шамол электр станцияларини қуриш масалалари бўйича инвесторлар билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компаниясининг Ўзбекистондаги раиси Жон Заиди бошчилигидаги компания вакиллари билан учрашди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича алоҳида эътибор қаратилаётганини кенг тарзда таъкидлади.
Учрашувда «ACWA Power» компанияси томонидан шамол электр станциясини қуриш бўйича республикамиз ҳудудида амалга оширилаётган ва амалга оширилиши белгиланган истиқболли лойиҳалар, шунингдек, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу ўринда «Нукус-1» лойиҳаси доирасида қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станцияси барпо этилганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Беруний туманида «Нукус-2» лойиҳаси доирасида қиймати 260 млн. долларлик 200 мегаваттлик шамол электр станцияси ва 100 мегаваттлик энергия сақлаш тизими қурилмоқда. Бундан ташқари, Қўнғиротда 2000 мегаваттли шамол электр станцияларини қуриш бўйича амалий ишлар бошланган.
Ўтказилган учрашувда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, қурилиш ишлари ва станция ишларига маҳаллий фуқароларни жалб қилиш, бунинг учун зарур кадрларни тайёрлашда Қорақалпоғистондаги ўқув юртларининг имкониятларидан фойдаланиш каби муҳим масалалар муҳокама қилиниб, олдиндаги режалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги