Амударё: янги лойиҳалар ва имкониятлар

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Амударё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ушбу туманда бўлди.
Жўқорғи Кенгес Раиси дастлаб «Қипчоқ» маҳалласидаги бозор ҳудудида амалга оширилиши белгиланган ишларни кўздан кечирди.
Шундан сўнг, «Гулзор» маҳалласидаги «RIZQBARAKA» МЧЖ томонидан савдо маркази ташкил этиш, «Боёвул» маҳалласидаги хусусий тадбиркор Дониёр Жумамуратов томонидан мебель ишлаб чиқариш, «Чордара»даги «Amudaryo EKO MARKET» МЧЖ томонидан экобозор ва замонавий автотураргоҳ ташкил этиш, «Инобат Хўжаниёзова» оилавий корхонасининг дурадгорлик лойиҳалари кўздан кечирилди.
«Фаол ҳаётга қадам» кундузги қаров хизмати, «Қиличбой» маҳалласидаги Сардорбек Имомаддиновнинг ўқув марказини ташкил этиш, «Караман» маҳалласидаги Ўмир Матякубов хонадонидаги чорвачилик лойиҳалари, бундан ташқари, «KUNGRAD DRINKS» МЧЖнинг улгуржи савдо хизматини ташкил этиш, «AMUDARYO YORUG‘» МЧЖнинг чиқиндини қайта ишлаш – иккиламчи гранула ишлаб чиқариш лойиҳалари ишлари ўрганилди. Тадбиркорлар билан яқиндан ишлаб, яқиндан кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида республикамиз раҳбари «DONO AVLOD» нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг очилишида иштирок этди ва яратилган шароитлар билан танишди.
Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» массивида амалга оширилган қурилиш ишлари ва ободонлаштириш бошқармаси томонидан пуллик хизматларни йўлга қўйиш лойиҳалари бориб кўрилди.
Аҳоли фаровон ҳаётини таъминлаш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган бундай лойиҳаларни янада кўпайтириш кераклиги таъкидланиб, мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев раҳбарлигида туман фаоллари, вазирлик ва ташкилотлар, туман идоралари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳаётида учраб келаётган муаммоларга ечим топиш, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ва аввал берилган топшириқлар ижроси ҳақида сўз юритилди.
Йиғилишда дастлаб, маҳаллаларда янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларнинг тақдимотлари тақдимот қилинди.
Шундан сўнг маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, давлат дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга ошириш, янги корхоналар фаолиятини ташкил этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг татбиқ этиш, камбағалликни қисқартириш, фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш борасидаги вазифалар ижроси масалалари танқидий кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, банк хизматлари ва бозор инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар ижроси масалалари муҳокама қилинди.

Юқорида қайд этилган ишларни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйиб, ўз хизмат вазифасига ва билдирилган ишончга совуққонлик билан қарагани учун айрим масъуллар танқид қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги