Жўқорғи Кенгес Раиси спортчи ёшлар билан учрашди

138

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев ёшлар куни доирасида бир қатор спортчи ёшлар билан учрашди.

Учрашувда дастлаб, республикамиз раҳбари мамлакатимиз Президентининг спортга бўлган алоҳида эътибори ҳақида таъкидлаб ўтди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа давр мобайнида янгидан-янги спорт иншоотлари барпо этилиб, бугунги кунда ҳам бундай эзгу ишлар давом этмоқда. Шу билан бирга, республикамизда Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш, ёшларимиз орасидан жаҳон ареналарида юртимиз байроғини танитадиган спортчиларни етиштириб чиқариш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўз навбатида ёш спортчиларимизга яратилаётган бундай қулай шароитлар спортчиларимизни янги-янги ютуқларга руҳлантирмоқда.

Ўтказилган учрашув давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев спортчи ёшлар, уларнинг яқинлари ва мураббийлари билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг билдирган фикр-таклифларини тинглади ва ҳар бир масала белгилаб олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал қилиб бериш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги