Туманда аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қўнғирот туманида бўлди.
Жўқорғи Кенгес Раиси дастлаб «Елабад» маҳалласидаги «Ustyurt star biznes» корхонаси томонидан амалга оширилаётган кир ювиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан яқиндан танишди. Тадбиркор маҳсулотларини нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтириш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, «Алмазар» маҳалласида тадбиркор Х.Алланиязов томонидан амалга оширилаётган тозаланган сув ишлаб чиқариш ва қоғозни қайта ишлаш лойиҳаси, «Café Collection» корхонасининг тикув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, «Ҳаким ата» маҳалласидаги М.Атамуратовнинг мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси ишлари бориб кўрилди.
Шунингдек, «ASQARTAY-AMINTAY» оилавий корхонаси томонидан қўлқоп ишлаб чиқариш, якка тартибдаги тадбиркорлардан М.Мажитовнинг пайпоқ ишлаб чиқариш, С.Сейтмуратовнинг бинолар фасади учун термопанель ишлаб чиқариш, ҳунарманд С.Есемуратовнинг чолғу асбоблари ишлаб чиқариш лойиҳалари кўздан кечирилди.
Шундан сўнг, грант маблағлари асосида ускуналари олиб келинган «Kardio Kungrad» корхонаси, яна бир қатор тадбиркорлик лойиҳаларининг бориши ўрганилди ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз фаолиятини кенгайтириши учун яқиндан кўмак бериш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида реновация асосида қурилаётган кўп қаватли турар-жойларнинг қурилиши, шунингдек, «Жинишке» канали бўйида амалга оширилаётган қирғоқ бўйи хизматларини ташкил этиш ишларини ҳам бориб кўрди. Қурилиш ишларини ўз вақтида, сифатли қилиб якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев раислигида Қўнғирот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда дастлаб, аҳолининг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, фаровон ҳаётини таъминлаш борасида Президентимиз томонидан яратиб берилган имтиёзлар кенг эътироф этилди. Шунингдек, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида берилган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг туманни ҳар томонлама ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, бу ишларни амалга оширишда айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани танқид қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим масъулларга интизомий жазо чораларини қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги