Маҳалла – меҳр ва масъулият мактаби

101

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Маҳалла тизими ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам кечаси бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус фармон ва қарорлари асосида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, жойлардаги муаммоларни ижобий ҳал этиш, маҳалла институтини такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани бу борадаги чора-тадбирлар кўламини янги босқичларга кўтаришга асос бўлмоқда. Бу ўз навбатида маҳаллани чин маънода одамларнинг оғирини енгил қиладиган тузилмага айлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда маҳалла институтининг жамиятимизда бажарадиган роли ошиб, халқимиз билан яқиндан ишлайдиган жамиятнинг бир бўғини сифатида соҳа ходимлари жуда машаққатли, шу билан бирга шарафли вазифани бажариб келмоқда.

Ўтказилган тантанали тадбир давомида байрам муносабати билан ўзларининг юксак натижалари ва ютуқлари билан ажралиб келаётган бир қатор соҳа фидойилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус Фармони асосида орден ва медаллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси томонидан кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Тадбир санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги