Самарқанд вилоятидаги 250 минг гектар яйлов узоқ йиллар фойдаланиб келган чорвадорларнинг ўзига тўғридан-тўғри ижарага берилди

83

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

— Кўриб турибсизлар, дунёдаги нотинчликлар туфайли логистика занжирларининг узилиши, нефть нархи ва транспорт харажатининг ошиши озиқ-овқат нархларига таъсир қилиши табиий.

Шу билан бирга, 100 миллионга яқин турист саёҳат учун тинч ва хавфсиз мамлакатларни қидирмоқда.

Бу шароитда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, туризм ва сервисдаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳокимларнинг асосий вазифаси бўлиши керак, – деди Президентимиз.

Бу борадаги вазифалар белгилаб берилди.

Вилоятдаги 250 минг гектар яйлов узоқ йиллар фойдаланиб келган чорвадорларнинг ўзига тўғридан-тўғри ижарага берилди. Вилоятда яна 52 минг гектар ердан фойдаланаётган 150 нафар чорвадор, 1 минг бошдан наслли қўй-эчки боқиш истагини билдирган юзлаб тадбиркорлар бор.

Шу боис, яйлов ерларини тўғридан-тўғри ижарага бериш муддати яна бир йилга узайтирилиши белгиланди. Эндиликда яйлов ижарасидан тушган маблағ тўлиғича яйлов хўжаликларининг ўзида қолади.

ЎзА