Халқаро ҳамкорликда янги қадам

60

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, таълим ва илм-фан соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганишга йўналтирилган ишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, Қозоғистон Республикасининг Семей шаҳрида жойлашган Шакарим университети билан ҳамкорлик янги мазмун билан бойимоқда.

Яқинда филиал директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Қ.Атаназаров, «Зооинженерия» кафедраси мудири Х.Маматов ва «Ветеринария тиббиёти ва фармакологияси» кафедраси мудири А.Камаловалар Шакарим университетига амалий ташриф билан бориб, ўзаро тажриба алмашиб қайтди.

Ушбу ташриф икки олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилди. Унинг асосий мақсади таълим жараёнини янада такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро академик алоқаларни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

Ташриф давомида филиал профессор-ўқитувчилари Шакарим университети талабалари учун 30 соатлик ўқув машғулотларини ташкил этди. Замонавий таълим методлари асосида ўтказилган ушбу дарслар ветеринария ва зооинженерия соҳаларига оид долзарб мавзуларни қамраб олди ва талабалар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Шунингдек, филиал талабаларидан бири академик мобиллик дастури доирасида Шакарим университетида ўқув жараёнларида иштирок этиб, халқаро таълим муҳитида билим ва тажрибасини бойитиш имкониятига эга бўлди. Бу жиҳат талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Шакарим университети Қозоғистоннинг шимоли-шарқий ҳудудидаги йирик ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетда минглаб талабалар бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олади. Кучли профессор-ўқитувчилар таркиби, замонавий илмий лабораториялар, бой кутубхона фонди ва ривожланган моддий-техник базаси ушбу олий ўқув юртининг илмий ва таълим салоҳиятини янада мустаҳкамлаб келмоқда. Шунингдек, университет дунёнинг бир қатор давлатларидаги олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиб, халқаро таълим майдонида ўз ўрнига эга.

Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай амалий ташрифлар ва тажриба алмашинувлар таълим сифати ва илмий изланишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, бундай ҳамкорликлар талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун янги имкониятлар эшигини очиб, уларнинг халқаро таълим майдонида муносиб ўрин эгаллашига замин яратади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги