Хайриддин Усмонзода: Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлиги минтақавий барқарорликнинг муҳим омили

250

Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Тожикистон: иттифоқчилик ва минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Хайриддин Усмонзода маъруза қилиб, икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон раҳбарлигида шаклланган ўзаро ишонч ва очиқ мулоқот муҳити самараси ўлароқ, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Эксперт таъкидлаганидек, бугунги кунда мураккаб халқаро ва минтақавий шароитда Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабати фақат икки давлат эмас, балки бутун минтақа барқарорлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

Хайриддин Усмонзода 2018 йил 9 март куни Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги келишув имзоланганини муҳим воқеа сифатида қайд этди. Зеро, ушбу ҳужжат Фарғона водийсида чегара масаласи билан боғлиқ кўп йиллик муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиб, минтақамиз давлатлари ўзаро масалаларни мустақил ҳал қилиш имконига эга эканини намойиш этди.

Маърузада икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун кенг имконият мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, транспорт ва логистика, яшил иқтисодиёт, рақамли трансформация, таълим алмашинуви йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг технологик ва саноат салоҳияти Тожикистоннинг энергетика соҳасидаги имкониятлари билан уйғунлашса, икки мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсиши эътироф этилди.

Тожикистонлик мутахассис транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталиб, ўзаро мультимодал транспорт йўлакларидан фойдаланиш бўйича илк лойиҳа хусусида ҳам сўз юритди. Мазкур ташаббус Душанбе ва Тошкент орқали Хитой бозорига маҳсулот етказиш имкониятини кенгайтиради.

Спикер икки мамлакат аҳолиси ўртасидаги алоқалар ҳам изчил ривожланаётганига урғу берди. Маълум қилинишича, ўтган йил қарийб 3 миллион нафар Тожикистон фуқароси туризм, даволаниш, таълим ва савдо мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган. Шунингдек, олий таълим муассасаларимизда ҳар икки томондан минглаб талаба таҳсил олмоқда.

Усмонзода сўзи якунида Тожикистон халқи Ўзбекистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатини юксак қадрлашини билдириб, ушбу ҳамкорлик келгусида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Д.Ҳакимов, ЎзА