Вашингтон савдо ҳамкорларини текшира бошлади

53

АҚШ ҳукумати йирик савдо ҳамкорларига нисбатан “Section-301” лойиҳаси доирасида адолатсиз савдо амалиёти бўйича текширув бошлади. Бу қарор Олий суд Президент Дональд Трамп жорий этган айрим тариф чораларини ноқонуний деб топгандан кейин қабул қилинди.

Савдо вакили Жеймсон Грир маълум қилишича, текширув натижасида Хитой, Европа Иттифоқининг айрим мамлакатлари, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Мексикага қарши қўшимча импорт божи жорий этилиши мумкин. Рўйхатга Вьетнам, Таиланд, Малайзия, Камбожа, Сингапур, Индонезия, Бангладеш, Швейцария ва Норвегия ҳам киритилган.

Вашингтон бу юртларни Америка бозорига ортиқча ишлаб чиқариш маҳсулотлари олиб кириш орқали мамлакат саноатига босим ўтказишда айбламоқда. Расмийлар текширувни ёзга қадар якунлаб, эҳтимолий тариф чораси қўллашни кўзлаяпти.

Мазкур қадам қонунчиликда пайдо бўлган ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга қаратилган. Ёдингизда бўлса, АҚШ раҳбарияти 10 фоизлик глобал тариф жорий этиб, кейинчалик божни 15 фоизгача ошириш эҳтимолини билдирган эди.

Айни пайт АҚШ ва Хитой расмийлари Парижда учрашув ўтказиши кутиляпти. Бу мулоқот март ойи охирида Трамп ва Си Цзиньпин ўртасидаги эҳтимолий учрашувга тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА