Икки сессия: Пекин иқтисодиёт, технология ва истеъмолга урғу бермоқда

Хитойда мамлакатнинг энг йирик сиёсий тадбири — Халқ вакиллари йиғини (NPC) ва Сиёсий маслаҳат кенгаши (CPPCC) мажлиси якунланди. “Икки сессия” номи билан танилган ушбу анжуман мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий устувор йўналишларини белгилаб бериши билан аҳамиятли.
Йиғилишда Пекин иқтисодий барқарорликни сақлаш, глобал рақобатда устунликни таъминлаш учун технология ва инновацияга жиддий аҳамият бераётгани маълум қилинди. Хусусан, сунъий интеллект, робот техникаси, ярим ўтказгичлар, биология технологияси, квант ҳисоблаш ва 6G каби йўналишларга инвестицияни кескин ошириш режалаштирилмоқда. Илмий-тадқиқот харажати тахминан 7 фоиз кўпаяди.

Шу билан бирга мамлакат раҳбарияти иқтисодий ўсишнинг янги босқичини таъминлаш учун ички истеъмолни рағбатлантириш зарурлигини эътироф этмоқда. Ялпи ички ички маҳсулотни ўстириш учун 4,5-5 фоизлик мақсад белгиланган. Бу охирги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткич.

Ҳукумат болалар парваришини яхшилаш, кексаларга ғамхўр хизмат кўрсатишни чуқурлаштириш, меҳнат таътилини кафолатлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш орқали аҳолига сарф-харажатни кўпайтиришга умид қилмоқда. Қолаверса, инфратузилма ва саноат лойиҳалари учун давлат қарзини ошириш имконияти ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Таҳлилчилар фикрича, уй-жой бозори инқирози, ёшлар ишсизлиги ва аҳолининг маблағни тежашга мойиллиги сабаб ички истеъмолни рағбатлантириш осон кечмайди. Шу боис Хитой иқтисодиётининг келгуси ўсиши технология ва инновация билан бирга аҳолининг харид қобилияти қанчалик ошишига ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА