Тахиатошлик ёшларнинг муаммолари тингланиб, тегишли масъулларга топшириқлар берилди

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, аҳоли фаровонлиги ўша мамлакатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу асосда Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Ёшлар куни» сифатида белгиланди.
Мана шу эзгу ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев Тахиатош туманидаги бир қатор ишсиз ва оталиққа олинган ёшлар билан учрашув ўтказди.
Унда Жўқорғи Кенгеси Раиси мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида алоҳида сўз юритди.
Учрашув давомида ёшлар ҳам фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган масалалар, муаммо ва таклифларини очиқ ва эркин тарзда билдирди.

Унда иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва таълим соҳасига оид масалалар кўтарилиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги