IT соҳасидаги фаол ёшлар билан учрашув ўтказилди

160

Мамлакатимиз Президенти топшириғи билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Ёшлар куни этиб белгиланган эди. Шу асосда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев IT соҳасида самарали фаолият юритаётган бир гуруҳ ёшлар билан учрашди.

Ўтказилган учрашувда аввало республикамиз раҳбари ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар каби IT соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Жумладан, бу замонавий соҳа энг кам маблағ сарфлаб, кўп фойда олса бўладиган истиқболли касблардан бири ҳисобланади. Шу боис юртимизда ушбу соҳани ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунга яққол мисол сифатида, Тошкент шаҳридан бошқа мамлакатимизнинг ҳеч бир ҳудудида бўлмаган 17 қаватли IT -Парк биноси Нукус шаҳрида барпо этилиб, бугунги кунда ушбу замонавий марказ зийрак ёшлар учун хизмат қилмоқда. Албатта, бу ёшлар учун яратилган имкониятлар, уларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб бораётганининг ифодасидир.

Республикамиз раҳбари билан ёшларнинг ўтказилган ушбу учрашувида ҳам ана шундай эзгу ишлар қайд этилиб, соҳани янада ривожлантириш, фрилансерларни қўллаб-қувватлаш, IT экспортини янада ошириш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш борасида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Ўз навбатида, ёшлар томонидан бир қатор муҳим ташаббуслар, фаолият олиб бориш жараёнида учраётган масалалар қайд этилди.

Учрашувда кўтарилган ҳар бир масала Жўқорғи Кенгес Раисининг шахсий назоратига олиниб, соҳа мутасаддиларига бу муаммоларни тез орада ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, ўтказилган ушбу муҳим тадбир давомида тенгдошлари орасида ўзининг интилувчанлиги ва алоҳида фаоллиги билан кўпчиликка намуна бўлаётган бир гуруҳ ёшлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев томонидан рағбатлантирилиб, уларга Миннатдорчилик хатлари топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги