Эрон Ҳўрмуз бўғозига мина жойлаштиряптими?

Яқин Шарқдаги кескинлик дунё энергетика бозорига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Дунёда қазиб олинадиган хом нефтнинг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғози атрофида вазият янада таранглашди. АҚШ разведкаси маълумотига кўра, Эрон ушбу сув йўлини миналаштира бошлагани айтилмоқда. Айни пайт бир неча ўнлаб мина ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалган, мамлакат ихтиёрида эса юзлаб минани қисқа вақт ичида жойлаштириш имконига эга кемалар мавжуд.
Хабарларга кўра, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бўғоз ҳудудида ракета тизими ва портловчи модда ортилган тез юрар қайиқлар орқали мураккаб ҳужум уюштириш ва мудофааланиш тизимини шакллантирган.
Президент Дональд Трамп бўғозда кемалар ҳаракатига тўсиқ қўйилса, қатъий чора кўрилишини билдирган. АҚШ Марказий қўмондонлиги Эронга тегишли 16 та мина ўрнатувчи кема йўқ қилингани ҳақида маълумот берди.
Ҳўрмуз бўғозидаги вазият дунё иқтисодиётига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Агар ушбу сув йўли тўлиқ ёпилса, ҳар куни экспорт қилинадиган тахминан 15 миллион баррель нефть ва 4,5 миллион баррель ёнилғи Форс кўрфази ҳудудида тўхтаб қолиши мумкин. Ироқ, Кувайт каби айрим давлатлар учун шу бўғоз деярли ягона экспорт йўли ҳисобланади. Шу боис бозордаги ноаниқлик нефть нархи кескин тебранишига олиб келмоқда. Ҳозир бир баррель нефть 80-90 доллар оралиғида ўзгариб турибди.
Вазият оғирлашишини инобатга олган ҳолда, халқаро ҳамжамият эҳтимолий энергетика инқирозининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. G7 давлатлари нефть тақчиллигини стратегик захира ҳисобидан қоплашга тайёрлигини билдирган. Халқаро энергетика агентлиги эса бозорни барқарорлаштириш мақсадида тарихан энг кўп миқдордаги захирани муомалага чиқариш таклифини илгари сурди. Айни пайт Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият жаҳон энергетика хавфсизлиги учун энг долзарб муаммога айланган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА