Аҳоли муаммоси парламент назоратида

115

 «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги янги қурилган уйларда аниқланган жиддий экологик ва ижтимоий муаммо юзасидан Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисига депутатлик сўрови юборди.

Маълум бўлишича, фракциямиз аъзосига Элликқалъа тумани «Иқбол» маҳалласида яшовчи фуқаролардан жамоавий мурожаат келиб тушган. Унга кўра, 169 та оила «ARH-GROUP DEVELOPMENT» МЧЖ томонидан ипотека кредитлари асосида қурилган уйларни харид қилган. Бироқ, объектлар фойдаланишга топширилгач, уйларнинг конструктив элементларини емирувчи ва хавфсиз яшашга тўсқинлик қилувчи термитлар аниқланган. Эътиборли жиҳати шундаки, ер участкалари аукцион орқали сотилаётган вақтнинг ўзидаёқ термитлар билан зарарланган бўлгани айтилмоқда. Келтирилган таҳлилларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида термитлар тарқалиши йил сайин ортиб бормоқда. Депутат сўровидаги маълумотлар вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатади. Жумладан, термитлар тарқалган ҳудуд майдони йилига ўртача 30 квадрат километрга кенгаймоқда. Бугунги кунгача  6 067 та хонадон, 6 та ижтимоий-иқтисодий объект ва 14 та тарихий зиёратгоҳ зарарланган. Зарарланиш оқибатида 125 та уй авария ҳолатида деб топилган.

Депутат ўз сўровида мазкур муаммо нафақат фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари, балки уларнинг ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ эканини алоҳида қайд этган ва ушбу масала ечим топгунга қадар ўз назоратида бўлишини билдирган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги