Ўзбекистон – Покистон: Барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлидаги шериклик
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги геосиёсий, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш жараёнида Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда. Тарихий-маданий яқинлик, ўзаро манфаатдорлик ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар икки давлат муносабатини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Айниқса, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика лойиҳалари ва институционал мулоқот механизми ривожланиши Тошкент ва Исломобод ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамламоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби раҳбари Сардор Раҳимов эътироф этишича, Покистон ва Ўзбекистон муносабати дин, тарих ва маданият муштараклигига таянади. Урду ва ўзбек тилларида уч мингдан ортиқ умумий сўз мавжудлиги ҳам икки халқ ўртасидаги алоқалар давлатларимиз жаҳон харитасида мустақил субъект сифатида шаклланишидан анча олдин бошлангани ва чуқур илдизларга эга эканини кўрсатади.
Исломободнинг Марказий Осиёга йўналтирилган стратегияси бир неча асосий йўналишни қамраб олган – ўзаро савдони кенгайтириш, мустаҳкам сиёсий мулоқот ўрнатиш, инвестиция ва энергетика ҳамкорлигини кучайтириш, мудофаа ва хавфсизлик масаласида ҳамжиҳатликни таъминлаш ҳамда халқларимиз ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш.
Марказий Осиё давлатлари орасида Тошкент ва Исломобод Икки томонлама транзит савдо битими (UPTTA) ва Имтиёзли савдо тўғрисида келишув (PTA) имзолагани алоҳида аҳамиятга эга. Шу тариқа ўзаро иқтисодий алоқа кўламини янада кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилган.
Сўнгги беш йил ичида товар айирбошлаш 2,5 баробар ўсди, қўшма корхоналар ва инвестиция лойиҳалари эса қарийб уч карра кўпайди. Яқин истиқболда савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, қиймати 3,5 миллиард долларлик истиқболли савдо ва инвестиция келишувлари тўплами шакллантирилган.
Ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани Президент Шавкат Мирзиёевнинг Исломободга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган қуйидаги келишувларда ҳам яққол намоён бўлди:
Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон – Покистон экспертлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги келишув, Икки давлат ишбилармонлар кенгашини тузиш ҳақидаги битим, Ҳудудлараро форум ташкил этиш бўйича шартнома.
Олий даражадаги ташриф чоғи қатор идора ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувлар ҳам имзоланди. Жумладан, Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Покистон Саноат ва ишлаб чиқариш вазирлиги ҳузуридаги Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бошқармаси, Термиз шаҳри ҳокимлиги ва Пешовар шаҳри маъмурияти, Самарқанд шаҳри ҳокимлиги ва Исломобод шаҳри маъмурияти, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Исломобод стратегик тадқиқотлар институти, шунингдек Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Пешовар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар тасдиқланди.
Мазкур келишувлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик изчил мустаҳкамланаётганидан далолат. Бундан ташқари, мудофаа идоралари биргаликда ишлаб чиққан “Йўл харитаси” ҳарбий ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади.
Табиийки, транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Масалан, томонлар Трансафғон темир йўли лойиҳасини жадаллаштириш, “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлиги борасида якдил. Ушбу ташаббуслар Марказий Осиёдан юкни Қирғизистон ва Хитой орқали Покистон портларига етказиш имконини яратиб, минтақавий транзит салоҳиятини янада оширади.
Қисқача айтганда, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барқарор суръатда ривожланмоқда. Жорий йил 5-6 февраль кунлари давлатимиз раҳбарининг Покистонга амалга оширган ташрифи ўзаро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиб, стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА