Экишга тайёргарлик: «XinLuZhong-52» чигити етиб келди

2026 йил ҳосили учун экишга тайёргарлик ишлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасига Андижон вилоятида фаолият юритаётган «Agro-Bereke» корхонасида қадоқланган, Хитой селекциясига мансуб «XinLuZhong-52» навли пахта чигитлари олиб келинмоқда.
Корхона раҳбарининг маълум қилишича, қорақалпоғистонлик фермер хўжаликлари билан ушбу пахта чигитининг 1500 тоннасини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «XinLuZhong-52» пахта нави замонавий технологиялар асосида қайта ишланган чигитдир. Хусусан, чигитлар махсус калибрлаш жараёнидан ўтиб сараланиб олинади. Шу билан бирга, юқори сифат кўрсаткичларини таъминлаш мақсадида фотосепарация технологияси ёрдамида қайта ишланади.
Ҳозирги вақтда чигитларни етказиб бериш ишлари бошланди. Пахта чигитлари Тахиатош туманидаги «Тахиатош дон» АЖ омборхонасига туширилмоқда ва ушбу омборхона орқали ҳудуддаги фермер хўжаликларига босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.
Бу ишлар 2026 йилги пахта экиш мавсумини сифатли чигит билан таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалигида самарадорликни янада юксалтиришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги