Электр тармоғига тўғридан-тўғри уланиш туфайли тизимга катта миқдорда зарар етказилди

Фуқаро А.А.га тегишли хонадонда ўзи бошқараётган оилавий корхонаси биносига электр тармоғига ҳисоблагичдан алоҳида тўғридан-тўғри уланган ҳолда фойдаланиб келингани маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 1 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Етказилган зарарни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” Қорақалпоғистон филиалига ундириш тўғрисида Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди томонидан ҳукм чиқарилди.
Ушбу ҳукмга асосан чиқарилган ижро варақа Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими иш юритувига келиб тушди ва бўлим давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларига киришилди.
Хусусан, қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқари чиқиш ҳуқуқига ва унга тегишли бўлган 2 та кўчмас мулкларга нисбатан таъқиқ ўрнатилди.
Шунинг натижасида, қарздор томонидан етказилган 1,1 миллиард сўм жиноий зарар жорий йилнинг 2-февраль куни тўлаб берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги