Қорақалпоғистонда боксни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов бокс билан шуғулланаётган ёшлар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув ўтказди.
Унда дастлаб, Ражаббой Нуразизов сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, ёшларни спортга кенг жалб этишга, Олимпия ва миллий спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, ҳурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган тарихий ҳужжатлар халқимизнинг, шу жумладан ёшларимизнинг турмушида катта ўзгаришлар юз беришига асос бўлаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Сўнгра ўтказилган учрашувда спортчи ёшларнинг, уларнинг ота-оналари ва мураббийларининг республикамизда боксни янада ривожлантириш ва ёшларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича билдирган фикр-мулоҳазалари тингланиб, муаммолар белгилаб олинди ва тез фурсатда уларни ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Тадбир давомида бокс бўйича турли мусобақаларда юқори натижалар кўрсатаётган ёшларнинг ота-оналарига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг миннатдорчилик хатлари топширилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги