Давлат бошқаруви органлари вакиллари Латвия тажрибасини ўрганди

Президентимизнинг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан бошқарув органлари ходимлари малакаси оширилмоқда.
Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташкил этилган стажировкада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъул ходимлари, республикамизнинг туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари иштирок этди.

Мақсад самарали бошқарув тизимининг Латвия моделини ўрганиш орқали иш жараёнларини оптималлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва давлат хизматида проактивликни ошириш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда икки томонлама тажриба алмашинувини йўлга қўйиш.
Иштирокчилар Латвиянинг маҳаллий бошқарувни такомиллаштириш, стратегик режалаштириш, ишсизликни камайтириш, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролар иштирокини ошириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид тажрибасини ўрганди.
Хусусан, Лиепая шаҳри ҳокимлиги ва эркин иқтисодий зонаси, Рига шаҳар кенгаши ҳамда Латвия Республикаси Парламенти – Сейм фаолияти билан яқиндан танишилди.
Шунингдек, иштирокчилар Латвия Республикаси Парламенти Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият қўмитаси раиси Олег Буров, Латвия Республикаси Марказий молия ва шартномалар агентлиги директори Анита Крумина, Рига шаҳар ҳокимлиги ижрочи директори Янис Ланге билан учрашди.
Дастур доирасида Ақлли бошқарув ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги, Латвия инвестициялар ва ривожланиш агентлиги ҳамда Латвия эзгу инсон ассоциацияси масъуллари ва экспертлари иштирокида семинарлар ташкил қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА