Тахиатош туманида ҳам канализация тармоқларини янгилаш ишлари бошланди

156

Тахиатош тумани канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига старт берилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган воқеалардан бири бўлган янги лойиҳанинг бошланиши муносабати билан табриклади.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Тахиатош туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу қаторда, бундан қарийб 70 йил олдин қурилган 90 та барак уй бузилиб, унда яшовчи фуқаролар янги турар жойларга кўчирилди. Бундан ташқари, жорий йилда давлат дастурларига асосан 52 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида умумий қиймати 316 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланган.

Ана шундай эзгу тадбирларнинг давоми сифатида Президентимизнинг топшириғи билан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 486-сонли қарори асосида «Жаҳон банки»нинг 78 млн. долларлик маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида 286 километрлик канализация тармоқлари ва объектларида қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Тахиатош туманидаги канализация тизимларини янгилаш мақсадида бошланаётган мазкур лойиҳа доирасида 77,5 километрлик канализация тармоқлари ва 6 та насос станциясининг қурилиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

– Маълумот учун таъкидлаш жоизки, мавжуд канализация тармоқлари 1951-1956 йилларда қурилган бўлиб, 15,9 километрлик оқова сув тармоқларининг бугунги кунда деярли ярми (49,1 фоиз), шунингдек, 4 насос станцияси ва 1 оқова сув тозалаш иншооти 100 фоиз капитал таъмирга муҳтож ҳолатда, – дейди «Қорақалпоқ сув таъминоти» АЖ директори Қ.Халмуратов.

Оқова сувлар ҳозирги вақтда 1989 йилда қурилиши тугалланмаган, биологик тозалашни таъминламайдиган биоҳовузларга юборилмоқда. Қуввати 7,2 минг м3/сутка бўлса-да, амалда талабларга жавоб бермайди.

Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори асосида Жаҳон банки иштирокида «Нукус, Тахиатош ва Хўжайлида оқова сув тизимини реконструкция қилиш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг тўлиқ якунланиши натижасида туман аҳолисининг канализация таъминоти ҳозирги 13 фоиздан 42 фоизга етказилади.

Шунингдек, канализация тармоқларидан йиғилган сувларни қайта ишлаш орқали техник ва хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун яроқли сувга айлантирилади ва фуқароларнинг томорқа ерларига етказиб бериш йўлга қўйилади.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги