Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Экстремизмга қарши курашишнинг қонунчилик асослари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа вазирлиги масъуллари, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети профессор-ўқитувчилари, ҳарбийлар ва курсантлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини янада такомиллаштириш учун зарур шароит яратаётгани алоҳида таъкидланди.
Сўнгги йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли давлат ташкилотлари қаторида фуқаролик жамияти институтларининг ҳам экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасидаги профилактик тадбирлари аҳамияти ошиб бормоқда. Айниқса, ёт ғоялар, ҳозирги замон таҳдидларига қарши самарали курашишни ташкил этиш, ёшларни дин ниқобидаги мафкуравий хатарлардан сақлаш ва бошқа долзарб масалаларнинг ҳуқуқий тартибга солинаётгани, қонунчилик базаси мустаҳкамланаётгани унинг нечоғли долзарблигини тасдиқлайди.
Давра суҳбатида мутахассислар давлатимиз томонидан қабул қилинган экстремизмга қарши курашишга доир қонун ҳужжатлари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, чора-тадбирлар, экстремизмга қарши курашувчи субъектлар ва уларнинг асосий вазифалари, экстремизм билан шуғулланганлик учун жавобгарлик каби масалалар юзасидан маълумот берди. Хавфсизликка таҳдид солувчи вазиятларни бартараф этишга йўналтирилган тизимли саъй-ҳаракатлар доирасида мамлакатимизда экстремизмга қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжатлари соҳада кўзланган мақсадларга эришишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Хусусан, жорий йилда парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш чоғида экспертлар ва мутахассислар иштирокида кенг кўламли иш бажарилгани бунга яққол мисолдир. Ушбу қонун асосий вазифалари экстремистик ҳаракатлардан шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга қаратилган.
Тадбирда мазкур ҳужжат аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, экстремистик ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш, уларга чек қўйиш, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳамда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни амалга оширишга кўмаклашиши хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қонуннинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди.