Депутат ва халқ ҳамжиҳатлиги: «Яшил макон» лойиҳаси доирасида янги кўчатлар экилди

Сўнгги йилларда юртимизда кўкаламзорлаштириш, дарахт кўчатларини экиш, уларни муҳофаза қилиш ва яшил майдонларни кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилаётгани Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли учун соғлом ва тоза муҳит яратиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ахмед Реймов ўзи сайланган Боғчилик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кўчат экиш тадбирини ташкил этди. Тадбирда маҳалла фаоллари, ёшлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб депутат Аҳмед Реймов сўзга чиқиб, «Яшил макон» лойиҳасининг аҳамияти, унинг экологик барқарорликни сақлашдаги ўрни ва дарахт экиш маданиятининг жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирди. У ўз нутқида кўкаламзорлаштириш жараёнларига ҳар бир фуқаро фаол ҳисса қўшиши зарурлигини, яшил майдонларни яратиш ва асраб-авайлаш келажак авлодга муносиб экологик мерос қолдиришнинг энг самарали йўли эканини таъкидлади.

Шундан сўнг депутат ва ҳудуд аҳолиси биргаликда манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш жараёнини бошлаб юборди. Тадбир давомида ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган дарахт кўчатларини экиш, уларга сув бериб, парваришлаш бўйича масъул гуруҳлар белгилангани муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Иштирокчиларнинг таъкидлашича, бундай саъй-ҳаракатлар нафақат ҳудуд кўркига кўрк қўшади, балки экологик муҳитни яхшилаш, атмосфера ҳавосини тозалаш, ёшларни табиатга меҳр руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Жумладан, ҳудуд аҳолиси депутат томонидан бошланаётган эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирган ҳолда, яшил маконларни кўпайтириш борасидаги ишларни босқичма-босқич давом эттиришга келишиб олди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи