Туризм иқтисодиётнинг етакчи соҳаларидан бирига айланмоқда

40


Республикамизда сўнгги йилларда туризм соҳасида катта ўзгаришлар юз бермоқда. Улар ушбу соҳа ривожига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил апрель ойида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президентимиз томонидан мазкур йиғилишда берилган топшириқлар асосида Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йил давомида туризм соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидаги кўрсаткичларни кузатишимиз мумкин.

Жорий йилнинг 10 ойида 335 мингдан зиёд хорижий сайёҳлар ташриф буюрган ва туризм хизматлари экспорти 42,7 миллион долларни ташкил этган. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида ҳудудлар бўйлаб 1 миллион 703 минг маҳаллий аҳолининг саёҳатлари амалга оширилган.

Туризм ва унга ёндош соҳалар йўналишида 124,5 миллиард сўмлик жами 37 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 100 га яқин янги иш ўринлари яратилган.

Ҳудудларда 2025 йилда 2 та меҳмонхона, 12 та хостел, 3 та қора уй, 2 та меҳмон уйи янгидан ташкил этилди ва ҳозирги кунда ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари сони 100 дан ошган.

Сайёҳлар учун хизмат кўрсатувчи 11 та янги туроператор ва 5 та турагентлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларнинг сони республика бўйича 93 тага етган.

Туризм корхоналари томонидан 2025 йилда 9 та автобус ва 8 та йўлтанламас автомобиль олиб келиниб, жами туризм класидаги транспорт воситалари сони 140 тага етказилди.

Республикага сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида Нукус шаҳрида 3-5 юлдуз тоифадаги янги меҳмонхона қурилиши ишлари олиб борилмоқда. «Pana hotel,» «Ratmina,» «Karakalpak palace hotel» меҳмонхоналарига 3 юлдуз тоифадаги меҳмонхона сертификатлари берилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш ва уларнинг афзалликлари ҳақида тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.

Хорижий давлатларда бўлиб ўтган нуфузли туризм кўргазмалари, бизнес форум ва ярмаркаларда республикамизнинг туризм салоҳияти кенг тарғиб қилинди. Хусусан, 2025 йил 12-21 июнь кунлари Хитой давлатининг Гонконг шаҳрида ўтказилган «ITE Hongkong» халқаро туризм кўргазмасида ва «Хитойда Ўзбекистон туризм йили» доирасида Шенжен шаҳрида ташкил этилган » road-shou «ларда Ўзбекистоннинг улкан туризм салоҳияти, хусусан, тарихий ва маданий ёдгорликлари, миллий анъана ва урф-одатлари намойиш этилди. Бундан ташқари 2025 йил 17 июль куни Британиянинг «SandStone Global» компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Нукус шаҳрида бошланган янги «Treasures of Uzbekistan» лойиҳасини яратишга киришди. Суратга олиш гуруҳи И.В.Савицкий номидаги афсонавий санъат музейи, гўзал Чилпиқ зардуштийлик мақбараси, милоддан аввалги VI-IV асрларда қурилган муҳташам Хоразм шаҳарлари билан танишиб, уларни қизиқарли саёҳатга олиб чиқди ва ҳудуднинг туризм салоҳияти тарғиб қилинди.

Юртимиздаги сайёҳлар учун яратилган қулайликлар, хавфсизлик ва ташриф буюришга арзийдиган масканлардан бири эканлиги халқаро даражада эътироф этилмоқда. Шу мақсадда «Holiday Magazine» нашри журналисти Ёҳан Ле Рокс, «Euronews» телеканали суратга олиш гуруҳи, Буюк Британиянинг «Studio Lambert» медиакомпанияси ижодий гуруҳининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсоннинг Weproject.media порталида республикамизнинг туризм салоҳиятига оид контент жойлаштирилди.

Грузиянинг «Реформатикс» консалтинг компанияси томонидан Ўзбекистонда иқтисодиётнинг асосий драйвери сифатида туризмни ривожлантириш даражасини ошириш мақсадида мамлакат туризм соҳасини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси жадал ишлаб чиқилмоқда. Шу нуқтаи назардан, туризм соҳасида муваффақиятга эришган бир қатор давлатлар тажрибаси ўрганилиб, айни пайтда Туризм қўмитаси томонидан Грузиянинг «Реформатикс» консалтинг компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди бўйича батафсил ўрганишлар олиб борилмоқда.

Соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси томонидан «Karakalpakstan.travel» веб-сайтини такомиллаштириш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилган. Веб-сайт мунтазам равишда янгилаб борилмоқда.

Ҳудуднинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш йўналишида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Karakalpakstan.travel веб-портали ва Karakalpakstan.travel телеграм, фейзбук ва инстаграм каналларида туризм салоҳиятига оид 492 контент жойлаштирилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган тадбирлардан 36 та видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилди. ГИЗ ташкилотининг умумий қиймати 10,3 минг АҚШ доллари бўлган Қорақалпоғистон Республикасининг умумий туризм салоҳияти ва тарихий (археологик) туризм, гастрономик туризм, экотуризм йўналишида туристик реклама видео (фотосуратлар) ишлаб чиқиш учун ҳамда умумий қиймати 1,2 минг АҚШ доллари бўлган грант маблағларини жалб этиш ҳисобидан «Welcome to Karakalpakstan» рисоласидан 700 дона, «Map of Karakalpakstan» буклетидан 800 дона чоп этилди.

Шу давр мобайнида маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш мақсадида республикамизда бир қатор халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар ўтказилди. Хусусан, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» шиори остида «Welcome to Karakalpakstan» ички туризм ярмаркаси, Халқаро «Орол туризми ҳафталиги» ва ҳафталик доирасида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро илмий-амалий конференцияси, «Орол балиқларидан 99 хил таом» гастрономик фестивали, дарахт экиш акцияси ва қизиқарли концерт дастурлари, «Мўйноқ ралли» экстремал автомото мусобақаси, «Орол денгизига поезд» кенг кўламли ёшлар экологик акцияси ҳамда 29-31 май кунлари Мўйноқнинг афсонавий кемалар «қабристонида» «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали, Бутунжаҳон чўл ва қурғоқчиликка қарши курашиш кунига бағишланган «Aral Sea Eco Marathon» экстремал югуриш мусобақаси, «Оролга сафар» халқаро автосаёҳат лойиҳаси, Қўнғирот туманида Этно-гастро фестивали ва Устюрт текислигида жойлашган Барсакелмасда «Жонар-Бурнинг ман» тадбири, Элликқалъа туманида «Саҳро овози» фестивали юқори савияда ташкил этилди. Туризм учун энг қулай вақт март-апрель ойларида барча ҳудудларда «Ички туризм ярмаркалари» ўтказилди.

Элликқалъа тумани «Шарқ юлдузи» ОФЙ ҳудудида «Оқчакўл» бўйида 127 гектар ер майдонида, Тахтакўпир тумани «Давқара» ОФЙ ҳудудида «Қоратеран» кўли бўйида 70 гектар ер майдонида дам олиш ва туризм масканларини ташкил этиш бўйича мастер режалар ишлаб чиқилди. Қўнғирот ва Мўйноқ туманини боғловчи Д231 (4Р173) «Қўнғирот – Мўйноқ» автомобиль йўлининг 51-52-км оралиғида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, янгидан асфальт қопламаси ётқизилди. Амударё тумани «Чилпиқ» археологик объектига олиб борувчи 2,5 км. ички йўлга асфальт қопламаси ётқизилди. Шунингдек, Нукус шаҳри «Ашшикўл» бўйига олиб борувчи 2 км. ички йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Мамлакатимизда туризм соҳасида замонавий йўналишлар ва турларни йўлга қўйиш хорижий сайёҳлар сонини ошириш, ички ва халқаро туризмнинг ривожланишига, сайёҳлар келиши географиясининг кенгайишига олиб келади.

М.ПИРНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси