ОИТСга қарши курашиш марказида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди

45

Сўнгги йилларда юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббиёт муассасаларини замонавий талаблар асосида янгилаш ҳамда шифокорлар учун қулай меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилма банкининг имтиёзли қарз маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш марказида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 март куни ўтказилган соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ОИВ инфектсиясининг олдини олиш, унга ташхис қўйиш ва даволаш сифатини янада ошириш, аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини аниқлаш бўйича текширувлар қамровини ошириш, беморларга сифатли тиббий ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур дори-дармонлар билан тўлиқ таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш белгиланган эди.

Ушбу Стратегияга мувофиқ, чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023-2027 йилларда Давлат бюджети маблағлари, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал жамғарма маблағлари, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарз маблағлари ҳисобидан аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхис қўйиш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида тест-тизимлари ва ретровирусга қарши воситаларни харид қилиш, ОИТСга қарши курашиш марказлари ва уларнинг туманлараро диагностика лабораторияларининг моддий-техник базасини ривожлантириш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, кенг тарғибот ишларини ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилий тадбирлар учун маблағлар ажратилди.

Ана шу асосда марказда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, фуқароларга кўрсатиладиган хизмат сифати янада оширилди. Бугунги кунда марказда беморлар учун барча қулайликлар яратилган – тозаликка, шинам муҳитга ва замонавий ускуналарга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса, албатта, руҳий саломатлик ва самарали даволаниш учун муҳим омил ҳисобланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги