Қишлоқ аёллари саломатлиги ишончли ҳимоя қилинмоқда

«15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни» муносабати билан Кегейли туманида қишлоқ ҳудудларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва нуроний оналар учун «Ҳар доим эътиборда!» шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Ўтказилган тадбирда Кегейли тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Қувонч жарма, Бозжап ва Чўқторанғил шифокорлик пунктларида ишловчи махсус мутахассислар ва умумий амалиёт шифокорларидан иборат гуруҳ иштирок этиб, улар томонидан келган беморларнинг қон босими, бўйи ва вазни ўлчанди ҳамда лаборатория таҳлиллари ўтказилди. Оилавий шифокорлар томонидан беморларга аниқ ташхислар қўйилиб, даволаш чоралари белгилаб берилди.


Ўтказилган муҳим тадбир қишлоқ жойларда яшовчи аёлларимиз саломатлигига бўлган эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлиб, бу аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва профилактик тадбирлар самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги