Ўзбекистон ва Беларусь истеъмолчилар ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Жорий йилнинг 6–7 октябрь кунлари Беларусь Республикасининг пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган “Антиконтрафакт-2025” XIII Халқаро форуми доирасида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Беларусь Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш жамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, трансчегаравий мурожаатлар, электрон савдо ва туризм йўналишларида қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган.
Тадбирда ҳар икки ташкилот раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Учрашув чоғида томонлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва рақамлаштириш орқали фуқаролар манфаатларини самарали таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Беларусь Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш жамияти раиси Анна Суша ўз нутқида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси сўнгги йилларда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга ошираётган тизимли ислоҳотлар, аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар ҳамда давлат органлари билан самарали ҳамкорлик орқали жаҳон миқёсида муносиб нуфузга эга бўлиб бораётганини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқишда замонавий электрон платформалардан фойдаланиш, икки давлат фуқаролари иштирокидаги трансчегаравий савдо низоларини тезкор ҳал этиш механизмларини жорий қилиш, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ва ўқув дастурларини ташкил этиш масалалари бўйича келишиб олдилар.
Меморандумнинг имзоланиши ҳар икки ташкилот ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳамкорлик доирасида қўшма тадбирлар, семинарлар ҳамда жамоатчилик мониторингларини ўтказиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиши билан аҳамиятли.
Шунингдек, томонлар келишувни амалга ошириш доирасида доимий ишчи гуруҳ тузиш, ахборот алмашинув тизимини йўлга қўйиш ва халқаро истеъмолчилар ташкилотлари доирасида қўшма ташаббусларни илгари суриш юзасидан ҳам келишувга эришди.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА