Хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнлар кузатилди

124

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Элликқалъа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати билан ҳамкорликда мазкур тумандаги «Бўстон» кластери ва «Амиробод жайрони» инновацион пахта-ғалла кластерлари фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этди.

Тадбир давомида журналистлар дастлаб «Бўстон» кластери МЧЖ пахта тозалаш заводи фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Айни пайтда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида энг масъулиятли давр – пахта ҳосили йиғим-терими мавсуми ўтмоқда. Шу муносабат билан ўтказилган пресс-тур давомида ОАВ вакиллари туманнинг иқтисодий юраги ҳисобланган «Бўстон» кластери МЧЖ фаолиятини ҳар томонлама ўрганди.

«Бўстон» кластери пахтани етиштиришдан тортиб, уни тозалаш, ип-калава, мато ва тайёр кийим-кечак тикишгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирига эга. Журналистлар кластернинг тола тайёрлаш цехлари ва замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган тикувчилик фабрикасида бўлиб, турли сифатли маҳсулотлар тайёрланаётган жараённи кузатди.

Медиа-турнинг навбатдаги манзили «Амиробод жайрони» инновацион пахта-ғалла уруғчилик кластери бўлди. Журналистлар бу ерда уруғчилик йўналишига илмий ёндашув, сифат назорати тизими ва замонавий агротехнологиялар қўлланилишини кўрди.

Тадбир давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги