Ғазо бўйича келишув (+видео)

189

ҲАМАС Исроиллик гаровдаги шахсларни озод қилади, Исроил Қуролли кучлари эса келишилган ҳудудга чекинади. Тинчлик келишувининг ушбу биринчи босқичини ҲАМАС ва Исроил вакиллари мақуллади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп қуйидаги баёнотни берди:

– Бу нимани англатади? Барча гаровдагилар яқин орада озод этилади, Исроил қўшинини келишилган чизиққача олиб кетади. Барқарор, ишончли ва абадий тинчлик сари илк қадам қўйилди. Барча томонларга нисбатан адолатли муносабатда бўлинади.
У ўз баёнотида Қатар, Миср ва Туркия каби воситачиларга АҚШ билан ҳамкорликда ушбу “тарихий воқеа”га эришилгани учун миннатдорлик билдирди.

Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманида келишувни имзолаш жараёнида қатнашиш учун Яқин Шарққа боришини маълум қилган. Ғазо бўйича келишувни Исроил, ҲАМАС ва Қатар вакиллари ҳам тасдиқлаган. Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу ижтимоий тармоқ орқали 9 октябрь куни ҳукумат йиғилишини чақириб, ушлаб турилган асирларни ватанига қайтариш ва келишувни ратификация қилиш ниятини маълум қилди.

“Reuters” агентлиги хабар беришича, ҲАМАС ҳам Исроил билан келишув тузилганини тасдиқлаган. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажид Ал-Ансорий ижтимоий тармоқда шундай ёзди:

– Воситачилар бугун кечқурун Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув шарти ва ижро механизми бўйича келишувни эълон қилади. Бу урушни тўхтатиш, исроиллик гаровдагилар ва фаластинлик маҳбусларни озод этиш ҳамда гуманитар ёрдам етказиш имконини беради.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ижтимоий тармоқда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувни олқишлаб, Яқин Шарқда тинчлик сари одим ташланганини эътироф этди:

– Манфаатдор томонларни белгиланган шартга қатъий риоя қилишга чақирамиз. Барча гаровдагилар озод қилиниши керак. Устувор мақсад – ўт очишни бутунлай тўхтатиш. Ҳарбий ҳаракатни тамомлаш. БМТ келишув ижросини қўллаб-қувватлайди, Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиш ҳажмини оширади. Шу билан бирга ҳозироқ ва ҳеч қандай тўсиқсиз гуманитар юк, зарурий тижорат маҳсулотлари олиб кирилишини таъминлаш керак. Фурсатдан фойдаланиб, фаластин халқининг ўз тақдирига эгалик ҳуқуқини тан оладиган, ишончли сиёсий ечим, яъни икки давлатли йўлни белгилаш лозим. Шундагина исроилликлар ва фаластинликлар тинч, хавфсиз ҳаёт кечиради.

Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА