Қўшиқ – ёшлар онгининг ойнаси

21

Ҳар бир замоннинг ўз қўшиғи, ҳар бир авлоднинг ўз оҳанги бўлади. Мусиқа инсон руҳиятига шундай таъсир этадики, унинг кучини баъзан сўз билан ҳам ифода этиб бўлмайди. Айниқса, ёшлар ҳаётида қўшиқнинг ўрни беқиёс. Чунки улар ҳали дунёқараши шаклланиш жараёнида бўлиб, эшитаётган куй-қўшиқлари уларнинг кайфияти, ҳаётий қарашлари ва ҳатто турмуш тарзига таъсир кўрсатади.

Қўшиқ – руҳланиш манбаи. Ватан, муҳаббат, дўстлик ва меҳнат ҳақидаги қўшиқлар ёшларнинг қалбига шижоат бағишлайди, уларни катта мақсадларга интилишга чорлайди. Миллий куй-қўшиқлар эса ўзликни англаш, тарих ва маданиятга ҳурмат туйғусини кучайтиради. Бу эса ҳар қандай миллатнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга, қўшиқлар ижодий тафаккурни ҳам ривожлантиради. Ёшлар мусиқа орқали на фақат дид ва завқ топади, балки янги ғояларга илҳомланади. Баъзан қўшиқ эшитган одам ўзини бутунлай бошқа дунёда юргандек ҳис қилади. Стрессдан холи бўлиб, кундалик ташвишлардан узоқлашади. Шу жиҳатдан, мусиқа ҳаётимиздаги энг самарали «табиблардан» бири десак, хато қилмаймиз.

Бироқ барча қўшиқ ҳам ёшларнинг руҳий ва маънавий камолотига хизмат қилавермайди. Айрим куй-қўшиқлар фақат шовқин-сурон учун яратилган бўлиб, уларнинг матни мазмунсиз, чуқур маънога эга эмас. Бу эса ёшларнинг эстетик дидига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Яна бир хавфли жиҳати – хориждан кириб келаётган айрим қўшиқлардаги беҳаё сўзлар, зўравонликни тарғиб қилувчи ғоялардир. Бундай қўшиқлар ёшларнинг онгига ёт қарашларни сингдириши, уларни ўз маданияти ва миллий қадриятларидан узоқлаштириши мумкин.

Демак, қўшиқ – икки ёқлама кучга эга. У инсонни руҳлантириши ҳам, йўлдан адаштириши ҳам мумкин. Шу боис, ёшларимиз қайси мусиқани тинглаётганига бефарқ қарамаслик керак. Ота-оналар, устозлар ва жамиятнинг ўзи ёшлар қалбига маънавият ва маданиятни тарғиб этувчи қўшиқларни етказишда масъулдир.

Мусиқа ҳаётнинг ажралмас қисми. Ундан тўғри фойдаланилса, ёшлар руҳияти тетик, маънавияти бой ва келажакка ишончи мустахкам бўлади. Ахир, қўшиқ – бу нафақат овоз, балки бутун авлод онгининг ойнасидир.

 

Жумабоева Малика,

Шўманай тумани Инсон ижтимоий хизматлар маркази психолог мутахассиси