Ҳиндистон делегацияси билан меморандум тузилди

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбонов Ҳиндистоннинг йирик хусусий олий таълим муассасаларидан бири – ЕRА Университети вакиллари билан учрашув ўтказди.
ЕRА университети вакиллари дастлаб Қорақалпоғистон тиббиёт институтида яратилган шароитлар, институт тизимидаги симулятсион марказ, клиникалар фаолияти билан яқиндан танишди.
Сўнгра Қорақалпоғистон тиббиёт институти ва ЕRА университетининг келажакда ўзаро ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, институт ходимларининг конференция, семинар ва стажировка дастурларида иштирокини таъминлаш, халқаро даражадаги илмий мақолаларни чоп этиш, ЕRА университетининг 3D анимацион форматдаги ўқув методикасини жорий этиш бўйича икки томонлама меморандумга имзо чекди.
Шунингдек, ташриф давомида делегация аъзоларининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Отемуратов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида республикамизда тиббий таълимни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашишдан иборат масалалар муҳокама қилинар экан, Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги