Ўзбекистон халқлар дўстлиги ва тинчлик ватани

194

«Ватан учун, миллат учун, халқ учун!»

Орқасида Қоратеран кўлим бор, Қибласида «Оққуш» отли уйим бор

Қора уй қорақалпоқ халқининг ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган миллий яшаш уйи, иморати, хонадони. Орадан неча йиллар ўтса ҳам, қанча-қанча ҳашаматли ва кўркам биноларда яшаш имконияти туғилса ҳам халқимизга қадрдон бўлган бу уй ҳали ҳам фойдаланишдан четда қолиб кетмаган. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлган ота-боболаримизнинг бу муқаддас уйи бугунги кунда ҳам уста ҳунармандларимиз томонидан бунёд этилиб, шуҳрати дунёга тарқалиб келмоқда.Айниқса, пойтахтимизнинг жануб томонида қад ростлаган қора уй тимсолидаги «Оққуш мажмуаси» бугун ҳар бир юртдошимизнинг фахрига айланган. Қачонлардир бизнинг қора уйимизнинг энг катта қилиб бунёд этилиши ва унинг Гиннеснинг рекордлар китобига киришини ҳеч ким ўйлаб ҳам, тахмин ҳам қилмаган бўлса керак десак. Қардош халқларнинг миллийлигини билдириб, уларнинг урф-одат ва анъаналарига ҳурмат белгиси сифатида безатилган қора ранг. Ўзига хос кўрк таратиб турган қора уйлар мажмуасида турли расмий тадбирлар ўтказиб келинаётгани ва унда иштирок этган хорижлик меҳмонларнинг миллийлигимизга ҳурмати ошиб, миннатдорлик туйғуларини изҳор этганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Жорий йилнинг 5 апрель куни шу ерда ўтказилган «Орол маданияти саммити»га Европа давлатлари ва юртимизнинг санъат, маданият соҳасининг таниқли мутахассислари, сиёсатчилар, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича экспертлар, рассомлар, дизайнерлар ва эколог олимлар иштирок этган эди. Саммитда иштирок этган Буюк Британиялик ёзувчи ва журналист Филип Моган билан суҳбатлашганимизда;

– Бу Қорақалпоғистонга учинчи ташрифим. Илгари Мўйноқ туманида ҳам бўлганман ва бу ўлка менга жуда ёқиб қолди. Менинг касбим аграр соҳа билан боғлиқ бўлгани учун иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳар бир масала ва муаммо жуда долзарб, деб ўйлайман. Ўзимнинг Оролга бўлган муҳаббатим жамланган «Айтилмаган ҳикоялар» номли китобимни ҳам нашрдан чиқарганман. Ҳудудда ёшларга қаратилаётган эътиборни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали Генниснинг рекордлар китобига киритилган «Оққуш мажмуаси»ни кўриш менда катта қизиқиш уйғотган эди. Мана бу ерни ўз кўзим билан кўриб қувониб турибман. Жуда ажойиб, жуда гўзал. Тил билан таърифлаш қийин.

Илгари Савитский номидаги санъат музейимизга чет эллардан меҳмонлар кўплаб келадиган бўлса, эндиликда Президентимизнинг 2024 йил 9 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича республикамизнинг барча жойларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асосида туристик масканлар, муҳташам объектлар кўпайиб, тадбиркорлик субъектлари ортмоқда. Яъни, Филип Моган каби хориждан келган меҳмонларга республикамизнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Республикамизда туризм соҳаси ривожланмоқда, миллий меросларни тиклаш ва дунёга танитишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

«Орқасида оқ сазанли Оролим, Қибласида чўккан нордай Қоратов,» деб халқимизнинг севимли шоири И.Юсуповнинг туғилган замин гўзаллигини таърифлаганидек бугун жаннатмакон юртимиз янада гўзал манзаралар билан бойимоқда. Тахтакўпирнинг Бўрчитов этагидаги Қоратеран мажмуасидаги яратилган туристик марказ ва ундаги қатор тизилган қора уйлар бугун нафақат халқимиз учун, балки туристларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

                 Қорақалпоғистон тараққиётнинг янги босқичларида

Сўнгги йилларда юртимизда инфратузилмавий ўзгаришлар, янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳалар ҳамда қурилиш, таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш, хуллас, ҳар бир соҳада ривожланишлар, алоҳида эътирофга молик янгиликлар рўй бермоқда. Айниқса, ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистонда катта янгиланишлар, кўплаб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Маҳаллалардаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга ечим топилиши, эҳтиёжманд фуқароларга ёрдамлар кўрсатилиши, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиши билан аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришига замин бўлмоқда. Юртимизда амалга оширилган энг йирик лойиҳаларнинг иккитаси Қорақалпоғистонда олиб борилгани халқимизга ғурур-ифтихор бағишламоқда. Бу лойиҳаларнинг бири «Амударё» дарёси устига қурилган, автомобиль ва темир йўл кўприги бўлса, иккинчиси юртимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган янги қурилган «Қўнғирот-Бейнеу» автомобиль йўлининг 240 километр қисми халқимиз фаровонлиги учун фойдаланишга топширилганидир. Қисқа вақт ичида амалий ишлар олиб борилиб, «Аспантай» ОФЙ «Порлитов» аҳоли пункти ҳудудидан ўтиб турган «Амударё» дарёсига понтон кўприги қурилиб, фойдаланишга топширилиши халқимизга қулай шароитлар яратишда хизмат қилмоқда. «Тадбиркорликни Қорақалпоғистондан бошлаш керак» деган Президентимизнинг сўзлари бугун қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун ўзига бўлган ишонч, ғайрат бағишлаяпти десак муболаға бўлмайди. Юртбошимизнинг тадбиркорлар учун имкониятлар яратиши, айниқса улар учун солиқ имтиёзлари жорий этилиши бугун маҳаллий тадбиркорларда миннатдорлик туйғуларини ҳис этмоқдамиз.

– Банкдан имтиёзли кредит олиб иш бошлаганимизга олти йил бўлди. Ўндан ортиқ киши иш билан таъминланган. Асосан буюртма бўйича эшик ишлаб чиқарамиз. Шунингдек, бозордаги савдо нуқталарига ҳам маҳсулотларимизни чиқарамиз. Турли услубдаги эшикларни ишлаб чиқараётган бўлсак, сўнгги модадаги ҳайтак шаклидаги эшикларга аҳолининг қизиқиши кучли бўлмоқда. Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан мамнунмиз. Бу имтиёзлар бизга ишларимизнинг янада ривожланишига имкониятлар яратмоқда, – дейди корхона иш юритувчиси Рашид Жумамбетов.

Хориждан инвестиция киритиб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшаётган Корея фуқароси бўлган Ли Инжае Ўзбекистонда яшаб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётганига 20 йилдан ошди. Республикамиздаги биринчи инвестор бўлган у бу тинч тотувликда яшаётган юртимиз ҳақида шундай дейди;

– Серқуёш Ўзбекистон халқлар дўстлиги, тинчлик ватани. Бу юрт менинг иккинчи ватаним. Ҳозир оиламиз билан биргаликда қизилмия илдизи экспорти билан шуғулланиб келмоқдамиз. Тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан миннатдормиз. Бу имкониятлар тадбиркорлар фаолиятининг ривожланишига хизмат қилади, – дейди у.

Қорақалпоғистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қулай агробизнес муҳитини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қулай агробизнес муҳитини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунда албатта, сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти томонидан минтақада юзага келган ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилаётган алоҳида эътибор, ҳудудни ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорларнинг ўрни бор. Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган йирик ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга оид фармони асосида Нукус шаҳри марказида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида жами 78 миллион АҚШ доллари инвестиция маблағлари ҳисобидан замонавий меъморчилик талабларига жавоб берадиган беш юлдузли меҳмонхона ва конгресс-холл мажмуаси барпо этилмоқда. Шунингдек, 22 қаватли иккита турар жой биноси ва кўп тармоқли савдо мажмуаси қурилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, ҳозирда жадал суръатларда олиб борилмоқда. Лойиҳа шаҳар инфратузилмасини янгилаш, сайёҳлик салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий бизнес ривожига катта туртки бериши кутилмоқда. Бу мажмуа Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий  ривожланишида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз. Бундан ташқари республикамизнинг барча жойларида қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда, мамлакатимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан янги бинолар фойдаланишга топширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар учун муносиб турмуш шароитини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан республикамизда бир нечта эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш ишлари бажарилди ва давом этмоқда. Бу борада Қорақалпоғистонда 21 мингта уй таъмирланиб, 709 та янги уй қуриб берилиши кўзда тутилган.

– Уйимиз эскириб, авария ҳолатига келиб қолган эди. Президентимизнинг кўмаги билан уйимиз янгидан қуриб битказилди, – дейди Мўйноқ туманида яшовчи Марва Жубандикова мамлакатимизда олиб борилаётган ғамхўрлик учун миннатдорлик туйғуларини изҳор этиб.

Йилнинг энг муҳим иқтисодий тадбирларидан бири бўлган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасидаги сессияда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам «Boston Consulting Group» компанияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўз сўзида Қорақалпоғистоннинг келажаги миллий устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади ва бу нафақат режалар тузиш, балки аниқ ҳаракатларни амалга ошириш бўйича иш олиб борилаётганига эътибор қаратди.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда кўплаб муаммолар борлиги, айниқса соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва таълим соҳасида ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги ва шу билан бирга жуда катта имкониятлар ҳам мавжудлигини таъкидлади.

Иқлим шароити оғир бўлишига қарамай, ўзида бетакрор табиий гўзаллик ва туризм учун ҳақиқий имкониятларни мужассам этганини, минтақада мавжуд имкониятлар кўламини чуқурроқ англаш учун инвесторлар келиб, Қорақалпоғистоннинг улкан салоҳиятини ўз кўзлари билан кўришга ва бу имкониятларнинг гувоҳи бўлишга ҳамда бу имкониятлар кўламини баҳолашга таклиф қилишини айтиб ўтган эди. Бундаги мақсад нафақат инвестиция олиб келиш, балки киритилган инвестициянинг маҳаллий аҳолига ёрдам бериши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши ва ёшлар учун ёрқин келажак яратишга ишонч пайдо қилиши халқимизнинг ёрқин келажакка ишончини янада ошириб, шу юрт, шу эл учун хизмат қилиб яшашга ғайрат бағишламоқда.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 августда қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши билан республикамиз аҳолиси учун янада қулай инвестиция муҳитини яратиш ва инфратузилмани яхшилаш, замонавий ёндашувлар асосида молиявий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалалари жорий этилиши кутилмоқда. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат халқимиз учун яна имкониятлар манбаини кенгайтириб, соҳаларда янада ривожланишлар, ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат халқимиз учун яна имкониятлар манбаини кенгайтириб, соҳаларда янада ривожланишлар, ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда. Қарор билан 2025-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди, хусусан: ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини ўртача 6-6,5 фоизга етказиш; саноат ишлаб чиқариш ҳажмини 5-6 фоизга; бозор хизматлари ҳажмини 15-17 фоизга етказиш белгиланган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш бўйича стратегия 5 йиллик тўлиқ дастур асосида амалга оширилади.

Хусусан, мазкур қарор талаблари бўйича узунлиги 97 км бўлган Қўнғирот-Мўйноқ магистраль сув тармоғининг қурилиши, Қорақалпоғистонда 328,1 км маҳаллий автомобиль йўлларининг капитал таъмирланиши ҳамда Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 330-сонли қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) иштирокида молиялаштирилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 106,3 млн. долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида Қонликўл, Кегейли, Тахтакўпир, Шуманай, Амударё, Беруний, Нукус, Қораўзак, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга 328,1 км узунликдаги таъмирга муҳтож автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш кўзда тутилган.

Ушбу ташаббус Қорақалпоғистон ҳудудида транспорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, Нукус шаҳридан Тахтакўпир туманига олиб борувчи «D-234» Нукус-Чимбой-Тахтакўпир автомобиль йўлининг 59 км қисмини таъмирлаш ишларини бошлаш учун 15 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги вақтда қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, олис ҳудудлардан бири бўлган Мўйноқ туманида ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда. Президентимизнинг ПҚ-4271-сонли қарорига асосан, Осиё тараққиёт банки иштирокида «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳасининг амалга оширилиши белгиланган.

Бунинг учун 8,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунда «Archico» МЧЖ (Озарбайжон) компанияси томонидан Мўйноқ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг эски, тоғ ва дарё бўйи ҳудудларида янги туристик маршрутлар манзилли дастур асосида йўлга қўйилиши белгиланган бўлиб, Хўжайли тумани ҳудудидаги «Миздакхон» археология-архитектура мажмуаси; Қораўзак ва Амударё туманлари ҳудудидаги «Шайх Жалил бобо» зиёратгоҳи. Қораўзак ва Амударё туманлари ҳудудидаги «Амув-Қоратов» дам олиш мажмуаси зарур инфратузилма билан таъминланиши кўзда тутилган. Шунингдек, бунда туристик мажмуаларни зарур инфратузилмалар билан таъминлаш учун 25 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларини Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда вилояти билан, Хўжайли туманини Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти билан боғлаш масалалари ўрганиб чиқилади.

Ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан пойтахтимизда барпо этилган IT маркази биносининг топширилиши ва у ерда бугунги замон технологиясини ўрганиш учун яратилган имкониятлар орадан кўп вақт ўтмай ўз самарасини бермоқда. Яқинда Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон боғи»да «Янги Ўзбекистон учун» Гиннес рекордини ўрнатиш мақсадида 2000 нафар иқтидорли талаба ёшларимиз 25 дақиқа давомида конструктор робот йиғиб, Ўзбекистон номини яна бир бор рекордлар китобига ёздирди. Улар орасида 141 нафар қорақалпоғистонлик талаба ёшлар бўлиб, ёшларимиз 100 фоизлик натижани кўрсатди. Халқимиз саломатлигини асраш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бўйича яхши натижаларга эришилмоқда. Янги тиббиёт бинолари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Барча тиббиёт муассасалари рақамлаштириш тизимига ўтказилиб, замонавий шароитлар яратилмоқда. Аҳолига бепул тиббий хизмат, уларни дори-дармон билан таъминлаш ҳамда оилавий поликлиникаларда ажратилган ўринларда бепул даволаниш яхши йўлга қўйилган. Яқинда байрам арафасида Шуманай тумани «Маданият» МФЙ ҳудудида кўп тармоқли марказий поликлиниканинг топширилиши маҳаллий фуқаролар учун катта янгилик бўлди.

Шунингдек, бу йил олий ўқув юртларига ҳужжат топширган ёшлар учун қўшимча квоталар берилиши кутилмоқда. Таълим соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида қанчадан-қанча ёшларимиз халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлиб, ривожланган давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга кирмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда тинчлик, тўкинлик ва мамлакатимиз Президентининг одил сиёсати орқали амалга оширилмоқда.

Бугун юртимизда катта байрам. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» шиори остида мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллигини муносиб кутиб олмоқда. Мамлакатимизда меҳнат қилиш, ўқиш, илм-фан, билим олиш учун барча шароитлар яратилган. Фақатгина ана шу имкониятлардан ўринли фойдаланиб, юртимиз тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшиш биздан талаб этилади. Бу эса, ҳар биримизнинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиздир. Албатта, бу ўз элини, Ватанини севадиган ҳар бир инсоннинг қўлидан келади.

Байрам муборак бўлсин азизлар.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги